Жаҳон | 13:05 / 15.08.2022
18607
2 дақиқада ўқилади

Афғонистон собиқ президенти мамлакатни тарк этишининг асосий сабабини айтди

Афғонистон собиқ президенти Ашраф Ғани толиблар мамлакат пойтахтига келган куни Кобулдан қочиб кетганига ойдинлик киритди. Аввалроқ у Афғонистоннинг асосий қонунига кўра, ҳамон мамлакат президенти эканлигини айтганди.

Фото: CNN

Ашраф Ғани CNN телеканалига берган интервьюсида бир йил аввал Афғонистондан «Толибон» мамлакат президентини таҳқирлашига йўл қўймаслик учун қочиб кетганини айтди. Хусусан, бу чора Ғани янги ҳукуматни қонунийлаштирадиган ҳужжатни имзолашга мажбурланмаслик учун қабул қилинган.

«Кетишимга сабаб, мен толиблар ва уларнинг тарафдорларига Афғонистон президентини яна бир бор камситиш ва уни ҳукуматнинг қонунийлиги тўғрисидаги ҳужжатга имзо чекишга мажбур қилиш завқини бермоқчи эмасдим. Мен ҳеч қачон қўрқмаганман», деди Ғани. 

Сиёсатчининг сўзларига кўра, дастлаб у мамлакатни тарк этиш ниятида бўлмаган. Шунингдек, собиқ президент катта миқдордаги пул билан қочиб кетгани, ёнида паспорти бўлмагани ҳақидаги маълумотни ҳам рад этди. 

Ашраф Ғани аввалроқ ОАВга берган интервьюларида Афғонистоннинг асосий қонунига кўра, у ҳамон мамлакат президенти эканлигини таъкидлаган эди. 

2021 йил август ойи бошида толиблар Афғонистон ҳукумат кучларига қарши ҳужумни кучайтирди, 15 август куни Кобулга кирди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди. 

Мавзуга оид