Ўзбекистон | 20:50 / 31.07.2020
17437
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 3 августдан бошлаб карантин бироз юмшатилади

Қашқадарёда 3 август, душанба кунидан куннинг муайян соатларида стикерсиз машиналар ҳаракатига рухсат этилади. Вилоят маркази Қарши шаҳрига автомобиллар муайян вақтда кириб чиқиши ҳам мумкин бўлади.

Агарда туман ва шаҳар ҳокимлари кафолат беришса, буюм бозорлари, гўзаллик салонлари ва бошқа тадбиркорлик фаолиятларига рухсат этилиши мумкин.

Бугун, 31 июль куни ZOOM орқали йиғилиш ўтказган вилоят махсус комиссияси шундай қарорга келди.

Маълум бўлишича, Қашқадарёда жорий қилинган чекловларга 3 августдан бошлаб бир қатор ўзгаришлар киритилди:

  • автотранспорт воситаларида махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишга, шунингдек, Қарши шаҳрига кириш-чиқишга фақатгина куннинг муайян вақтида (07:00дан 10:00гача, 18:00дан 21:00гача) тегишли ҳудуд доирасида фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади;
  • йўналишсиз таксилар сони бугунги кунга нисбатан 2 баробарга кўпайтирилади ва бутун сутка давомида ҳаракатланишига рухсат берилади;
  • вилоят махсус комиссияси қарорида келтирилган чекловлар махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган айрим тоифадаги автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Яъни махсус рухсатнома (стикер), айрим тоифадаги автотранспорт воситалари, «яшил йўлак» тизими, Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари автомашиналари ва вилоят ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ҳамда саноатни ривожлантириш бўйича тасдиқланган автотранспорт воситалари рўйхат асосида ҳаракатланиши мумкин.

Шунингдек, 3 августдан бошлаб туман (шаҳар) ҳокимларига ўз ҳудудидаги буюм ва қурилиш моллари бозорлари, савдо маиший хизмат, умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига фаолиятини давом эттиришга индивидуал рухсат бериш (олдиндан тадбиркорга карантин талабларини тушунтириш ва кафолатини олиш) ваколати берилди.

 

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид