Жаҳон | 08:48 / 07.08.2020
16361
2 дақиқада ўқилади

Байрутдаги портлаш иши бўйича 16 киши ҳибсга олинди

Ливан пойтахти Байрутдаги портлаш иши бўйича портлаш юз берган портнинг 16 ходими ҳибсга олинди. Бу ҳақда ҳарбий суд вакили, судья вазифасини бажарувчи Фади Ақиқий маълум қилди. 

Фото: Xinhua

Таъкидланишича, ҳибсга олинганлар орасида порт директори Ҳасан Қўрайтам ҳам бор. Порт директори прокурор сўроғидан кейин ҳибсга олинган.

“Ҳарбий прокуратура Байрут портидаги 12-ангарда юз берган машъум портлашни тергов қилишнинг дастлабки босқичини якунламоқда. Порт маъмурияти ва божхона бошқармасидан, ангарда таъмирлаш олиб борган ва у ерда портловчи модда сақлаган 18 дан кўпроқ киши сўроқ қилинган”, деб маълум қилган Ақиқий.

Ливан ОАВ маълумотларига кўра, мамлакат марказий банкининг пулларни ювишга қарши курашиш бўйича махсус комиссияси божхона ва порт раҳбариятига қарашли барча банк ҳисобрақамларини музлатиб қўйишга кўрсатма берган.  

Ливан вазирлар маҳкамаси воқеага алоқадорлар қочиб қолмаслиги учун портнинг бутун раҳбариятини уй ҳибсига олишга қарор қилганди. 

Байрутдаги портлаш 4 августда юз берган. Портлаш оқибатида бир неча километр радиусдаги уйларга зарар етган, 137 киши ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида қутқарувчилар ва хорижликлар бор. 5 мингга яқин одам, жумладан Ливан бош вазири Ҳасан Диабнинг рафиқаси ва қизи жароҳат олган.

Ҳукумат версиясига кўра, портдаги омборлардан бирида сақланган 2750 тонна аммиак селитраси пайвандлаш ишлари вақтида портлаб кетган. 

Дунёнинг кўплаб давлатлари портлашдан кейин Ливанга ўз ёрдамларини таклиф қилган.

Мавзуга оид