11:47 / 08.08.2020
8400

Статистика органлари фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди - Президент қарори

Миллий статистика тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Президент “Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини такомиллаштиришнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгиланди:

  • статистика органларини талаб юқори бўлган, сифатли ва ишончли маълумотларни шакллантиришга, статистика маълумотларининг шаффофлиги ва ошкоралигини оширишга қаратилган профессионал мустақил хизматга айлантириш;
  • статистика соҳасида ягона сиёсатни амалга оширишга қаратилган ваколат ва мажбуриятларни мустаҳкамлаш орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Статистика кенгашининг тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш;
  • илғор ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда статистика ахборотларини йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш, нашр этиш ва сақлаш бўйича яхлит тизимни ташкил этиш;
  • расмий статистикани ишлаб чиқариш, тарқатиш ва мувофиқлаштириш мақсадида мамлакатнинг бутун миллий статистика тизими доирасида қўлланиладиган услубий асослар ва бошқарув тамойилларини такомиллаштириш;
  • идоравий маълумотлар базаларини ягона маълумотларни бошқариш тизимига интеграция қилиш орқали кузатувларни босқичма-босқич оптималлаштириш ва респондентлардан ҳисобот топшириш юкини камайтириш, шунингдек, рўйхатга олиш ишларини ўтказиш ва ялпи статистика ҳисоботларини танланма кузатувлар билан алмаштириш ҳисобига статистикани шакллантириш тизимини такомиллаштириш;
  • статистика маълумотларидан фойдаланувчилар билан самарали ҳамкорлик сиёсатини йўлга қўйиш ва мавжуд статистика маълумотлари тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш орқали фойдаланувчиларнинг статистика ахборотларига бўлган ишончини ошириш;
  • давлат статистика органлари фаолиятини моддий-техник қўллаб-қувватлашни янада яхшилаш, ходимларнинг самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларининг самарали жорий этилиши ҳисобига ҳудудий статистика органлари тузилмалари ва уларнинг вазифаларини босқичма-босқич мақбуллаштириш;
  • давлат статистика органлари ходимларининг касбий даражасини ошириш, илмий тадқиқотларни олиб бориш ҳамда келгусида амалиётда қўллаш учун илғор статистика усуллари ва технологиялари, шу жумладан очиқ маълумотлар соҳасида инновацион ишланмаларни ишлаб чиқиш.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

  • Давлат статистика қўмитаси расмий статистикани шакллантириш билан боғлиқ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда амалга оширади;
  • статистика органларининг қонуний фаолиятига, шу жумладан расмий статистика ҳисоботлари ва кузатувларини ўтказиш ҳамда уларни нашр қилиш ва эълон қилиш жараёнларига ҳар қандай аралашишга йўл қўйилмайди;
  • Давлат статистика қўмитаси томонидан шакллантириладиган статистика маълумотлари расмий статистика ахбороти сифатида эълон қилинади;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари (кейинги ўринларда — ҳудудий бошқармалар), шунингдек, туманлар (шаҳарлар) статистика бўлимлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақилдирлар ва бевосита Давлат статистика қўмитасига бўйсунади;
  • ҳудудий бошқармалар бошлиқлари Давлат статистика қўмитаси раиси томонидан, туманлар (шаҳарлар) статистика бўлимлари бошлиқлари ҳудудий бошқармалар бошлиқларининг тақдимномасига кўра Давлат статистика қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Давлат статистика қўмитасига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

  • бошқа расмий статистика ишлаб чиқарувчиларнинг статистика методологияларини халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан аудитдан ўтказиш ва аудит натижаларига кўра, вазирлик ва идораларга бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
  • кузатувларни ўтказиш, расмий статистика материалларини шакллантириш ва таҳлилларни амалга ошириш мақсадида вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан ўзаро электрон боғланиш.

Бунда, вазирлик ва идоралар раҳбарлари Давлат статистика қўмитасининг ўз ваколатлари доирасидаги сўровига мувофиқ ўзларининг ахборот тизимларига кириш ва ундан эркин фойдаланишни таъминлаш учун шахсан жавобгардирлар.

Top