Жамият | 15:33 / 10.08.2020
83691
2 дақиқада ўқилади

Қибрайда саёҳат жомадонидан эркак кишининг жасади топилди

Тошкент вилояти Қибрай туманидаги ГЭС ҳудудида саёҳат жомадонидан 52 ёшли эркакнинг мурдаси топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, 8 август куни кечга яқин Қибрай туман ИИБга «Қодирия ГЭСлар каскади» унитар корхонаси 11-сонли ГЭСининг 2-аванкамерасида саёҳат чемоданига инсон жасади тиқиб қўйилгани ҳақида хабар келиб тушади.

Ҳодиса жойи кўздан кечирилганда, ярим очиқ ҳолатдаги «BIAHao» саёҳат чемодани ичида сочларига оқ оралаган эркак кишининг жасади борлиги маълум бўлади.

Мурдани кўздан кечириш давомида унинг баданида тан жароҳати ва ундан қолган излар аниқланмаган. Шимининг чўнтагидан жами 410 000 сўм миқдорда нақд пул топилган.

Олиб борилган тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида мурданинг шахсига ойдинлик киритилган: у 1968 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, пойтахтнинг Яккасарой туманида истиқомат қилиб келган Ш.А. экани аниқланган.

Марҳум муқаддам Ўзбекистон Республикаси Олий судида таъминотчи вазифасида ишлагани айтилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, Ш.А. шу йилнинг 7 август куни эрталаб уйидан «Gentra» автомобилида Тошкент шаҳридаги Республика шошилинч тез тиббий клиник (собиқ 6-сонли) шифохонасига чиқиб кетган. Ҳозирда мазкур транспорт воситасини қидириш ишлари олиб борилмоқда.

Бўстонлиқ тумани суд тиббий экспертиза бўлинмасининг бирламчи маълумотномасида марҳум Ш.А. «бўйин аъзолари тўмтоқ жисм таъсирида сиқилиши оқибатида юзага келган механик асфиксия»дан вафот этгани қайд этилган.

Ҳолат юзасидан Қибрай туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

«Жиноятни фош этиш мақсадида Тошкент вилоят ИИББ, Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда туман ИИБ ходимларидан иборат тезкор гуруҳлар ташкил этилиб, тергов ҳамда тезкор-қидирув ҳаракатлари амалга оширилмоқда», - дейилади Бош прокуратура ахборотида.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид