18:12 / 10.08.2020
8904

Xiaomi энг қиммат смартфонидан воз кечди

Хитойнинг Xiaomi компанияси Mi Mix Alpha смартфонини ишлаб чиқаришдан воз кечди.

Фото: Xiaomi

Бу ҳақда компания асосчиси Лэй Цзюнь Weibo ижтимоий тармоғидаги саҳифасида гапириб берди. Тадбиркор бунинг сабабларини тушунтирар экан, янги смартфонни ишлаб чиқариш учун кўпроқ вақт зарурлигини таъкидлади.

Xiaomi компанияси бозордаги энг қиммат девайслардан бири бўлиши кутилаётган Mi Mix Alpha смартфонини 2019 йил кузида оммага таништирган эди. Цзюнь сўзларига кўра, бу фақат тадқиқот лойиҳаларидан бири бўлган ва у ўз мақсадига эришган.

Шунингдек, Xiaomi компанияси Surge процессорлари лойиҳасини ҳам ёпганини эълон қилди. Тадбиркор уни ишлаб чиқариш жараёнида баъзи қийинчиликларга дуч келганини, аммо келажакда бу лойиҳага албатта қайтишини таъкидлади.

Концептуал дизайнга эга Mi Mix Alpha смартфони  экрани корпусининг 180 градус юзасини эгаллаши, яъни деярли иккитомонлама бўлиши режалаштирилганди. Snapdragon 855+ процессори, 12 гигабайт оператив хотира ва 512 гигабайт ўрнатилган хотира, 108 мегапикселли Samsung камерали смартфон 20 минг юань ёки 3000 АҚШ доллари қийматига баҳоланаётганди.

Top