Жаҳон | 00:55 / 11.08.2020
15415
2 дақиқада ўқилади

Беларусдаги бир нечта шаҳарда тўқнашувлар бошланди. Резина ўқлар ишга солинди

Минск ва Брестда куч тузилмалари намойишчиларга қарата резина ўқ узмоқда, деб хабар берди Sputnik Беларусь.

Агентликнинг маълумот беришича, Брест шаҳрида намойишчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўртасида тўқнашувлар бошланган.

"Милиция ёруғлик-шовқин гранаталарини портлатмоқда, намойишчилар уларга шиша идишлар ва ахлат қутиларини улоқтирмоқда. Одамлар ОМОНчиларга ҳужум қилмоқда, куч тузилмалари ходимлари қалқонлар ёрдамида ҳимояланмоқда", — дейилади агентлик Telegram-каналида.

Намойишчилар кўчадаги ўриндиқлардан баррикадалар қуриб олишган.

Беларусь пойтахтида ҳам худди шундай вазият содир бўлмоқда, деб хабар берди РИА Новости мухбири.

Милиция намойишчиларни тарқатишга уринмоқда. Бир гуруҳ мухолифатчилар шаҳарнинг бар ва қаҳвахоналари билан машҳур қадимий қисмига қочишган. 

Шу билан бир вақтда шаҳар марказига намойишчиларнинг янги гуруҳлари келишда давом этмоқда.

Мозир шаҳарчасида ОМОНчилар намойишчиларни қувиб юриб дўппослаётгани хабар қилинган. Хабарда айтилишича, улар йўлида учраган кишини у хоҳ намойишчи, хоҳ шунчаки йўловчи бўлсин, аяб ўтирмаяпти.

Беларусда икки кундан буён норозилик намойишлари давом этмоқда. Аввалроқ тўқнашувларда юзга яқин киши жароҳатланганди. Уч мингга яқин киши қўлга олинган.

9 август куни мамлакатда президентлик сайлови бўлиб ўтди. Дастлабки маълумотларга кўра, президент Александр Лукашенко 80,08 фоиз овоз тўплаган. Унинг асосий рақиби ҳисобланган Светлана Тихановская 10,09 фоиз овозга эга бўлди.

Мавзуга оид