Жаҳон | 08:29 / 17.04.2023
6360
2 дақиқада ўқилади

Судандаги тўқнашувлар ўнлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди

Судан шифокорлари касаба уюшмаси армия ва тезкор ҳаракат кучлари ўртасида бўлиб ўтган жангларда 27 киши ҳалок бўлгани ва 180 дан ортиқ киши яралангани ҳақида хабар берди. Мамлакат шифокорлар марказий қўмитаси маълумотларига кўра, 56 киши ҳалок бўлган, 600 га яқин киши жароҳат олган.

Фото: AFP

Суданда ўнлаб одамлар мамлакатдаги ҳукмрон хунта ва тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасидаги тўқнашувлар қурбони бўлди. Судан шифокорлар иттифоқи 16 апрель, якшанбага ўтар кечаси шанба куни эрталаб бошланган жангларда 27 киши ҳалок бўлгани ва 180 дан ортиқ киши яралангани ҳақида хабар берди. Мамлакат шифокорлар марказий қўмитаси маълумотларига кўра, 56 киши ҳалок бўлган, 600 га яқин киши жароҳат олган.

Судан пойтахти Хартум ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида тунда тўқнашувлар давом этди. Гувоҳлар отишма ва портлашлар ҳақида хабар беришди.

RSF вакиллари мамлакатнинг камида учта аэропортини, шунингдек, бир қатор ҳарбий объектлар ва президент саройини қўлга олганликларини айтишди. Судан армияси бу маълумотни рад этди. Мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари RSF базаларига ҳаво ҳужумларини давом эттираётгани сабабли тинч аҳолини уйда қолишга чақирди. Якшанба куни мактаблар, банклар ва давлат идоралари ёпилди.

Бир неча ўн йил давомида мамлакатни бошқарган Умар ал-Башир 2019 йилда чуқур иқтисодий инқирозга учраган Судандаги оммавий норозилик намойишлари фонида ҳокимиятдан ағдарилган эди. Мунтазам армия ва RSF ўшанда халқ қўзғолонларини биргаликда қўллаб-қувватлади. 

Ал-Башир ағдарилганидан сўнг ҳарбийлар ва фуқаролик гуруҳлари ўтиш даври ҳукуматини тузишга келишиб олдилар, бироқ 2021 йил октябр ойида Суданда давлат тўнтариши кузатилди, натижада мамлакатдаги ҳокимият бутунлай генерал ал-Бурҳон қўлига ўтди. RSF раҳбари Муҳаммад Ҳамдан Дагало яқинда Суданни демократияга олиб боришга ваъда берган ҳаракатга раҳбарлик қила бошлади. 

Мавзуга оид