Ўзбекистон | 15:26 / 11.08.2020
30691
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон Россия ва Хитойда ишлаб чиқарилган вакциналарни ўрганмоқда» – штаб аъзоси

Бугун, 11 август куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда коронавирусга қарши вакцина бўйича олиб бораётган музокаралар юзасидан ахборот берилди.

Фото: ТАСС

«Айни кунларда Россия ва Хитой давлатида ишлаб чиқарилган вакциналар юзасидан ўрганиш ишлари олиб бориляпти. Бугун ҳам Хитой давлатида ишлаб чиқарилган вакцинанинг қўлланиш жараёни ва самараси хусусида хитойлик ва ўзбек мутахассислари видеоконференция орқали фикр алмашишди. Бу музокаралар натижасидан келиб чиққан ҳолда мамлакатда вакцинани қўллаш даражасини ҳукуматга маълум қиламиз», деди Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Рустам Икромов.

Шунингдек, у Хитойда коронавирусга қарши ишлаб чиқарилган «Ляньхуа Циньвен» дориси қай даражада самарадорлиги бўйича изоҳ берди.

«Бу дори воситаси Ўзбекистонга хайрия сифатида Хитойдан юборилган. У бизда тегишли меъёрлар асосида ўрганиб чиқилган ва таркибидаги таъсир кўрсатувчи фаол моддалар юзасидан керакли хулоса олинган. Ҳозирда мазкур дори воситасидан Зангиотадаги шифохонада коронавирус беморларини даволашда фойдаланилмоқда», дея Икромовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, 4 август куни Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтказилган видеоселекторда  вакцина харид қилиш ва аҳоли вакцинациясини амалга ошириш йўлларини пухта ўрганиб чиқиш топшириғи берилган эди.

Бугун, 11 август куни Россия президенти Владимир Путин дунёда коронавирусга қарши биринчи вакцина Россияда рўйхатга олингани ҳақида хабар берди.

Мавзуга оид