Россиянинг коронавирусга қарши вакцинасидан 1 миллиард дона сўралди
Россияда биринчи бўлиб рўйхатга олинган коронавирусга қарши вакцина “Спутник V”га 20 давлат қизиқиш билдирмоқда. Халқаро бозор учун вакцина бошқа давлатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилади.
11 августда вакцинанинг рўйхатга олинишига бағишланган анжуманда Россиянинг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси (РФПИ) бош директори Кирилл Дмитриев ушбу вакцинадан 1 млрд доза сўралганини маълум қилди. Жамғармага бундай сўровлар 20 та давлатдан, жумладан, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Осиё давлатларидан келиб тушган.
Дмитриевнинг тушунтиришича, вакцинанинг Россияда ишлаб чиқариладиган барча ҳажми ички бозор учун қўлланади, вакцина қолган давлатлар учун хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ишлаб чиқарилади. “Хорижий ҳамкорлар билан 5 та давлатда йилига 500 млн. дан кўпроқ доза вакцина ишлаб чиқарилишини таъминлашга тайёрмиз ва ишлаб чиқариш қувватларини янада оширмоқчимиз”, деб таъкидлаб ўтган Дмитриев.
Ушбу вакцина Н.Ф.Гамалея номидаги тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган. Марказдан ташқари, вакцинани “Биннофарм” фармацевтика заводи ишлаб чиқаради.
“Спутник V”нинг клиник синовлари июнда Москвадаги Сеченов университети ва Бурденко номидаги ҳарбий госпиталда бошланган. Синовларнинг ҳар бирида 38 кўнгилли иштирок этган. Клиник синовларнинг 3-босқичида 2 минг киши иштирок этади. Шунингдек, ушбу босқич хорижда ўтказилади. РФПИ бу ҳақда БАА, Саудия Арабистони ва яна бир нечта давлатлардаги ҳамкорлари билан келишувга эришган.
Вакцина ишлаб чиқарилиши РФПИ томонидан Alium ва “Р-Фарм” компаниялари ҳамда халқаро фармацевтика компаниялари билан биргаликда молиялаштирилмоқда. Инвестициялар ҳажми 4 млрд рублни ташкил қилган.
“Биннофарм” заводи қувватлари йилига 1,5 млн доза вакцина ишлаб чиқаришга имкон беради. Таъкидланишича, завод ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун қўшимча ускуналар билан жиҳозланади. Вакцина билан биринчи навбатда асосий хавф гуруҳи ҳисобланган россиялик тиббиётчилар таъминланади. Маълум қилинишича, вакцинанинг илк партиялари Россия ҳудудларига жўнатиш учун тайёр.
Мавзуга оид
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
20:25 / 23.10.2024
Британияда норовирусга қарши дунёдаги биринчи вакцинани синовдан ўтказиш бошланди
21:00 / 07.10.2024
Рамзон Қодиров миграция сиёсатида «ўрта аср ёндашувларидан» воз кечишга чақирди
20:07 / 07.10.2024