Apple раҳбари Тим Кук миллиардерга айланди
Apple компанияси бош ижрочи директори Тим Кукнинг бойлиги 1 млрд доллардан ошди. Бундан Bloomberg Billionaires Index маълумотлари дарак бермоқда.
Бу орада акциялари ўтган ҳафта 5 фоизга қимматлашган Apple’нинг капиталлашуви 2 трлн долларга яқинлашиб қолди.
2011 йилда Apple раҳбари ва асосчиларидан бири Стив Жобс ҳаётдан кўз юмганда компаниянинг бозор нархи 350 млрд долларни ташкил қилган. Шундан кейин компания бозор нархи Тим Кук раҳбарлигида деярли 6 марта қимматлаган.
Кук 2015 йилда бойлигининг асосий қисмини хайрияга ажратишни режалаштираётгани ва Apple’нинг 1 млн долларлик акцияларини хайрия қилганини маълум қилган. Агар у бошқа хайрияларни амалга оширган бўлса, унинг бойлиги 1 млрд доллардан камроқни ташкил қилиши ҳам мумкин.
Кук ўз капиталининг асосий қисмини Apple’да 1998 йилда ишлай бошлагандан бери акциялар кўринишидаги мукофот сифатида олган.
Августда Apple акциялари нархи кескин тушиб кетмаса, Кук 9-марта мукофот пули олиши керак. Бунинг натижасида унинг капитали яна 100 млн долларга кўпаяди.
Айни вақтда Кукга Apple’нинг 847 минг 969 дона ёки 375 млн долларлик 0,02 фоиз акцияси тегишли. Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, акциялар сотилиши, дивидендлар ва бошқа компенсациялардан олинган даромад унинг бойлигини яна 650 млн долларга оширган.
Apple ўтган ўн йилликда iPhone каби инновацион масҳулот тақдим қила олмаган бўлса-да, у бозорда барқарор ўринни сақлаб келмоқда. Кук iPhone X ва Apple Watch “ақлли” соатлари, янги сервислар, жумладан Apple Music ишлаб чиқилишига жавобгар бўлган ва янги соҳалардаги, жумладан ҳайдовчисиз бошқариладиган автомобил ва тўлдирилган реаллик кўзойнаклари соҳасидаги тадқиқотларни назорат қилади.
Apple’нинг капиталлашуви йил бошидан 52,2 фоизга ўсиб, айни вақтда 1,93 трлн долларни ташкил қилмоқда.