Жаҳон | 03:25 / 12.08.2020
50510
6 дақиқада ўқилади

Беларусь: намойишлар давом этди. Охирги тафсилотлар

Беларусда президентлик сайловлари тугагач бошланган норозилик намойишлари тўхтамаяпти. Учинчи кундирки одамлар кеч тушиши билан намойишларни бошлашди. Беларуслар интернетда ўзлари гувоҳ бўлган воқеаларни ўз саҳифаларига жойлашмоқда.

Фото: Yauhen Yerchak/EPA

9 август куни Беларусда президентлик сайловлари ўтказилди. Унда 80 фоиздан кўпроқ овоз олган Александр Лукашенко ғалаба қозонди. 11 фоизга яқин овоз олган Светлана Тихановская эса иккинчи бўлди. Сайловда амалдаги президентга асосий рақобатчи бўлган Тихановская 11 август куни Литвада экани маълум бўлди. У Литвадан туриб мурожаат ҳам йўллади ва ҳеч қандай ҳаракат инсон ҳаётидан устун бўлмаслигини айтди. Олдинроқ эса Тихановская одамларни милицияга қарши чиқмаслик ва қонунга бўйсунишга чақирди. Бироқ 9 августда бошланган намойишлар уч кундирки тугамаяпти.

ВВС'нинг ёзишича, намойишларни ёритаётган журналистлар ҳарбийлар томонида калтакланмоқда. Бу ҳолатлар тасвирланган видеолар нашрнинг сайтида эълон қилинган. Минскда яна портлаш овозлари эшитила бошлаган. Серебрянка тумани ҳудудида кучли портлаш содир бўлган ва бу ҳолатнинг видеоси илова қилинган. У ерда 300 чоғли намойишчилар бўлгани айтилди. Ҳарбий журналист Алек Лун ўз саҳифасида портлаш ҳолатлари тасвирланган видео жойлаган.

Журналистлар ушланмоқда

Маҳаллий Onliner порталининг ёзишича, нашрнинг муҳаррири ва видеомухбири қўлга олинган. Бу маълумотни «РИА Новости» ҳам эълон қилди. Намойишлар бошлангандан буён бир қатор нашрлар ўз журналистлари қўлга олинганини айтишган. Масалан, «Медуза», «РИА Новости» нашрларининг журналистлари ҳам қўлга олинган ва улар Россия элчихонасининг аралашувидан сўнг қўйиб юборилган. «Медуза» журналисти Максим Солопов қўлга олиш вақтида ҳарбийлар томонидан калтакланган. Бу ҳақда Daily Storm нашри мухбири Антон Старков айтган. У ҳолатнинг видеоси ҳам ўзида борлигини айтган.

Россиялик журналистларнинг қўлга олиниши мавзусига Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам муносабат билдирди: «Бу вазиятни инсонийлик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиш керак», деди Лавров журналистлар аккредитациядан ўтказилмаган бўлса-да, бу муаммони ҳал қилиш зарурлигини таъкидлаб. Лавров «Медуза» Россия ОАВси эмаслигини, аммо Максим Солопов Россия фуқароси эканини айтиб, вазиятни беларуслик ҳамкасблари билан ҳал қилишини айтди.

Одамлар мушакбозлик қилишмоқда

Минскнинг бир неча ерида намойишчилар мушакбозлик қилаётгани тасвирланган видеолар тарқалди. Видеода хурсандчилик қилаётган одамлар олдида турган ҳарбийлар уларга қаршилик қилмагани кўринган. Одамлар ғалабани нишонлашаётганини айтишган. Бироқ намойишлар ҳамма ерда ҳам хотиржам ўтмаяпти. «РИА Новости»нинг ёзишича, намойишчилар милиция автобусининг ойналарини синдиришган.

Касалхоналарда аллақачон намойишчиларни олиб боришган. Маълум бўлишича, портлаш овозлари эшитилган Серебрянкага жуда кўплаб тез ёрдам машиналари йўл олган. Яраланган одамлар ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Бир киши машинада воқеаларни видеога олиб кетаётганида, уни машинасидан тушириб, калтаклашганини айтган бўлса, яна бир кишининг юзига резина ўқ теккан.

Кўнгиллилар томонидан 9 августда намойишларда жабрланган ва яраланганларни қўллаб-қувватлаш учун фонд тузилганди. Маълум бўлишича, бу фонд аллақачон 1 миллион доллар пул йиғган.

Ўз навбатида Беларусда бир кун интернетни блоклаш мамлакатга қанча зарар келтириши ҳисоблаб чиқилди. Маълум бўлишича, бир кун интернетни блоклаш Беларусга 56 миллион 401 минг долларга тушади.

Сигнал чалганлар тўхтатилмоқда

Телеграм фойдаланувчилари ўзлари гувоҳ бўлган ҳолатларнинг видеоларини жойлашмоқда. Уларда сигнал чалаётган ва воқеаларни видеога олаётган машинадагилар тўхтатилиб калтакланаётгани кўринган. Шунингдек, ҳарбийлар одамларни қувиб етиб бир кишини бир неча киши бўлиб ураётгани тасвирланган ўнлаб видеолар тарқалди.

Бу вақтда халқаро майдонда Беларусдаги воқеаларга муносабат билдириш давом этмоқда. Аввалроқ АҚШ давлат котиби Майк Помпео Беларусда бўлаётган воқеаларни қоралаб чиққанди. Бугун Нидерландия ташқи ишлар вазирлиги ҳам бу борада баёнот берди: «Нидерландия Европа Иттифоқининг қолган давлатлари каби тинч намойишчиларга қарши куч ишлатишни қоралайди ва сиёсий раҳбариятни фуқаролар билан мулоқотга киришишга чақиради», деб Нидерландия ТИВнинг баёнотини келтирмоқда ВВС.

Россиялик журналист Юрий Дудь бўлаётган воқеаларга қуйидагича муносабат билдирди: «Баъзан тошиб кетганингдан шунчалик асабийлашиб кетасанки, қўшниларга гапириб юборишга ҳам тўғри келади. Сиз (ҳарбийлар – тарж.) қуролсиз ҳамюртларингизни калтаклаш учун супермен бўлмагансиз деб ўйлайман. Мен нимани кўрдим? Сиз нафақат қуролсиз одамларни калтаклаяпсиз, ҳатто сизга қарши чиққанларни эмас, шунчаки айланиб юрган, уйи олдида ўтирган ва итини сайр қилдираётганларни ҳам уряпсиз. Бўлиб ўтаётган воқеалардан кейин сизнинг бошлиғингизни бир хил келажак кутади – ўз халқининг нафрати.

Журналист хавфли касб, айтайлик, у ўқдан қочиб юришини оддий деб қабул қилиш мумкин. Лекин унинг 40 соатлаб бедарак йўқолиб қолиши тинч Европа мамлакатининг пойтахти учун уятли ҳолат», деган Дудь.

Беларусь президенти Александр Лукашенко бўлиб ўтган воқеалардан сўнг намойишчиларни қўйлар деб атади: «Поьлша, Британия, Чехиядан қўнғироқлар бўлган, бизнинг, кечирасизку-я, қўйларни бошқаришган. Улар нима қилаётганликларини билишмайди. Уларни бошқаришмоқда», деди Лукашенко.

Мавзуга оид