Жаҳон | 12:27 / 01.09.2025
2825
1 дақиқада ўқилади

Россияда журналист Пономаренкога нисбатан учинчи иш очилди

Мария Пономаренкога нисбатан баданга енгил шикаст етказиш моддаси бўйича учинчи жиноий иш очилди, дея хабар бермоқда унинг тарафдорлари.

Фото: Telegram / freeponomarenko

Россияда армия ҳақидаги «фейк маълумотларни» тарқатишда айбланиб судланган журналист Мария Пономаренкога нисбатан учинчи жиноий иш очилди. Бу ҳақда журналистга хайрихоҳлар томонидан бошқариладиган «Свободу Марии Пономаренко!» Telegram-каналидаги хабарда айтилади. У 31 август, якшанба куни эълон қилинган.

«Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 321-моддаси 2-қисми (баданга енгил шикаст етказиш) билан Рубцовск шаҳридаги ИК-9да Мария Пономаренкога нисбатан учинчи жиноий иш очилди. У ҳозирча кўрсатма бергани йўқ», — дейилади постда. Муаллифлар бу масала бўйича бошқа тафсилотларни келтирмайди.

2022 йил апрел ойида RusNews журналисти Мария Пономаренко Мариуполдаги драма театрига россияликларнинг зарбаси ҳақидаги пости туфайли Россия Қуролли кучлари тўғрисида «фейк» хабар тарқатганликда айбланиб қўлга олинган эди. 2023 йил феврал ойида у бу иш бўйича олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид