Жамият | 12:08 / 12.08.2020
13434
2 дақиқада ўқилади

Бир кунда 100 минг абитуриент имтиҳон топшириши режалаштирилмоқда - ДТМ

Республика бўйича эса бир кунда 100 минг абитуриент имтиҳон топшириши режалаштирилган. Абитуриентларга тиббий ниқоб, қўлқопдан ташқари бош кийими ҳам тарқатиш режалаштирилмоқда.

Бугун, 12 август куни Халқаро пресс клубнинг қабул масалаларига бағишланган сессиясида Давлат тест маркази директори Мажид Каримов имтиҳонни ташкил қилиш жараёни ҳақида маълумот берди.

«Жорий йил кириш имтиҳонларида иштирок этиш учун 1 миллион 484 минг 85 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган, уларнинг 1 миллион 361 минг нафардан ортиғи тест синовларида иштирок этади. Бу жуда катта рақам ҳисобланади. Пандемия даврида тест синовларини ташкил қилиш эса маълум шароитларни талаб қилади.

Аввал тайёрланган йирик павильонлар эса алоҳида талабларга жавоб бермайди. Шунинг учун республикада шароит бор ҳудудларда имтиҳонларни очиқ ҳавода ўтказиш бўйича тайёргарлик бошланди. Ҳозир бу йўналишда ишлар олиб борилмоқда», деди Мажид Каримов.

ДТМ директорининг қайд этишича, Тошкент шаҳрида 15дан ортиқ стадион ва турли боғлар ўрганиб чиқилиб, Тошкент шаҳрида 1 смена учун 10 мингга яқин жой тайёрланди, 2та сменада эса 20 минг абитуриент имтиҳон топшириши мумкин бўлади. Республика бўйича эса бир кунда 100 минг абитуриент имтиҳон топшириши режалаштирилган. Абитуриентларга тиббий ниқоб, қўлқопдан ташқари бош кийими ҳам тарқатиш режалаштирилмоқда.

«Тест синовлари 2 сентябрдан бошлаб, 14 кун давомида бўлиб ўтади. Абитуриент тест натижасининг жавобини имтиҳоннинг эртасигаёқ, талабаликка қабул қилинганини эса барча синовлар якунлангандан сўнг бир ҳафтадан кейин билиш мумкин бўлади. Бу ҳақида абитуриент ўз шахсий кабинети орқали маълумот олади», деди марказ директори пресс клуб сессиясида.

Мавзуга оид