Ўзбекистон | 14:07 / 06.08.2022
13875
2 дақиқада ўқилади

Аттестация ва ОТМга кириш имтиҳонлари кейинги йилдан бирлаштирилиши мумкин — ДТМ директори

Мактаб битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси ва олийгоҳга кириш имтиҳонини бирлаштириб юбориш 2023 йилдан йўлга қўйилиши мумкин, дея маълум қилди Мажид Каримов.

Фото: Norma.uz

Давлат тест маркази директори Мажид Каримов блогер Хушнудбек Худойбердиев билан суҳбатда ОТМларга ўқишга кириш бўйича ҳар йилги имтиҳонларда тестдан бошқа форматларни ҳам қўллаш режаси борлиги ҳақида гапирди.

Каримовга кўра, тест – катта сонли абитуриентларни баҳолашнинг асосий усулларидан ҳисобланади.

“ДТМ томонидан 2 йил олдин миллий сертификат тизимини жорий этиш ишлари бошланган. Бошида бу тизим сал шошилиб яратилгани учун, ҳозирда камчиликларини бартараф этиш жараёни кетяпти. Худо хоҳласа, йилнинг охирида шу тизимни қайта йўлга қўямиз. Худди CEFR'га ўхшаб, бунда ҳам амалий, назарий, ностандарт кўринишлари бўлади. Бу бўйича ишлар қилиняпти, буни тизимли равишда олиб борамиз.

Шу билан бирга, айни вақт жуда катта меъёрий ҳужжат тайёрланмоқда, муҳокамадан ҳам ўтди, яъни унификация масаласини жорий этиш бўйича. Бу яқин ўртада, масалан, 2023/24 ўқув йилидан ҳам бўлиши мумкин”, – деди ДТМ раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда мактаб битирувчиларининг якуний аттестация имтиҳонларини давлат олийгоҳларига кириш имтиҳонлари билан унификация қилиш режалаштирилмоқда.

Давлат тест маркази бу ҳақдаги қарор лойиҳасини 2020 йилда жамоат муҳокамасига қўйган эди. Лойиҳада бу амалиёт 2021 йилда айрим ҳудудларда синовдан ўтказилиши кўзда тутилганди.

Бу орқали мактаб битирувчиларининг 2-3 ой ичида икки марта имтиҳон топширишига чек қўйиш кўзда тутилган. Натижада болалардаги ортиқча стресс камайиши, 9-синфни битиргандан кейинги якуний имтиҳонлар сифати ҳам ошиши кутиляпти.

Ўтган ойда муҳокамага қўйилган қарор лойиҳасига кўра, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб мактаб битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ДТМ ўтказиши мумкин. Тест натижалари бўйича битирувчиларга 3 йил муддатга амал қиладиган электрон миллий сертификат берилади.

Мавзуга оид