21:22 / 13.08.2020
8536

Facebook 500 миллиард долларлик жаримага тортилиши мумкин 

Фото: Reuters

Facebook компанияси Instagram ижтимоий тармоғининг 100 млндан кўпроқ фойдаланувчиси ҳақидаги маълумотларни ноқонуний йиғишда айбланмоқда. Шу сабабли компанияга 500 млрд долларлик жарима солиниши мумкин, деб хабар берди Business Insider нашри.   

Компания устидан Иллинойс штати судига шикоят аризаси топширилган. Аризада келтирилган маълумотларга кўра, Instagram’да юзни таниш тизими қўлланади. У “юз шаблони”ни яратиб, кейин уни ўз маълумотлар базасида сақлайди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар суратларида Instagram’дан фойдаланмайдиган одамлар юзини ҳам автоматик сканерлашда айбланмоқда.

“Facebook Instagram фойдаланувчиларининг ҳимояланган биометрик маълумотларини йиғганда, у бу маълумот билан турли сервисларда бўлишади”, деб айтилган аризада. Компания, шунингдек, бундай хатти-ҳаракатларидан фойдаланувчиларни огоҳлантирмаганликда айбланмоқда.

Компания ушбу айблов бўйича ҳар бир фойдаланувчига 5 минг долларгача компенсация тўлаши мумкин.

Бироқ Facebook вакили Стефани Отуэй аризада келтирилган айбловларни рад этган ва шикоятни асоссиз деб атаган, чунки Instagram’да юзни таниш технологиясидан фойдаланилмайди.

Аввалроқ Facebook худди шунга ўхшаш айблов бўйича Иллинойс штати қонунларига кўра судланган. Компания Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчилари розилигисиз уларда юзни таниш тизимини қўллаганликда айбланган. Facebook январда ушбу ишни ҳал қилиш учун 550 млн доллар тўлашга рози бўлган.

Top