Ўзбекистон | 08:22 / 17.08.2020
2258
4 дақиқада ўқилади

Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартиби тасдиқланади

Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Белгилаб қўйилишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб амал қиладиган қуйидагиларни назарда тутувчи Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади:

ички аудитор  сертификатини дастлаб беш йиллик муддатга бериш, навбатдаги муддатини ўн йилга узайтириш ва ундан кейин муддатсиз даврга бериш;

халқаро сертификати мавжуд бўлганда ички аудитор  сертификатини беришни ва амал қилиш муддатини узайтиришни, шунингдек, 10 йилдан кам бўлмаган узлуксиз ички аудитор иш стажи мавжуд ички аудитор  сертификатининг амал қилишини муддатсиз даврга узайтиришни малака имтиҳонини топширмасдан амалга ошириш;

«бухгалтерия ҳисоби» ва «аудит» мутахассисликлари бўйича магистр дипломига эга бўлган ички аудитор  сертификатини олишга талабгорлар учун иш стажи талабини ўрнатмаслик;

малака имтиҳонини тест синови усулида компьютер техникасидан фойдаланган ҳолда ўтказиш.

Сертификат эгаси сертификат олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҳар йили малака ошириш курсларидан ўтиши шарт. Халқаро сертификатга эга ички аудитор мазкур сертификати билан боғлиқ малака оширишлари ҳар йили малака ошириш курсларидан ўтганлиги каби тан олинади.

Малака имтиҳонини ўтказувчи комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва бухгалтерлар ва аудиторларнинг жамоат бирлашмалари вакиллари, зарурият бўлганда, бухгалтерия ҳисоби, аудит, солиқ солиш ва хўжалик ҳуқуқи соҳаларининг етакчи мутахассислари киритилади.

Комиссия бухгалтерлар ва аудиторларнинг жамоат бирлашмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда камида бешта аъзодан, шу жумладан, комиссия раисидан иборат таркибда тузилади.

Сертификат олиш, амал қилишини узайтириш, қайта расмийлаштириш, шунингдек унинг дубликатини бериш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш учун талабгор (сертификат эгаси) томонидан мазкур Низомда белгиланган миқдорларда йиғим тўланади. Йиғим бухгалтерлар ва аудиторларнинг жамоат бирлашмалари ҳисоб рақамига ўтказилади ва малака имтиҳонларини ташкил қилиш, сертификатларни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун ишлатилади. Йиғим тўлаш учун банк реквизитлари тўғрисидаги маълумотлар бухгалтерлар ва аудиторларнинг жамоат бирлашмалари веб-сайтларига жойлаштирилади.

Ўқув марказлари:

Бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги халқаро ташкилотлардан аккредитациядан ўтган ўқув марказлари томонидан 20 соатли малака ошириш  курслари ташкил этилади;

сертификат бланкига сертификат эгасининг ҳар йили малака ошириш курсини ўтаганлигини тасдиқловчи ёзув киритади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳар чоракда, кейинги ойнинг 10-санасидан кечиктирмай сертификат эгасининг малака ошириш курсини ўтаганлиги тўғрисида ахборот тақдим этади.

Бухгалтерлар ва аудиторларнинг жамоат бирлашмалари:

малака имтиҳонини ўтказишни ташкил қилади, шунингдек ўзларининг веб-сайтларига малака имтиҳонини ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги ахборотни жойлаштиради;

тест саволларини ва жавоб вариантларини тузади ҳамда уларни малака имтиҳонини ўтказиш санасидан йигирма кун олдин Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади;

Тест саволларига киритилган фанлар бўйича мавзуларни веб-сайтига жойлаштириш;

талабгорларни малака имтиҳонига қўйиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига малака имтиҳони ўтказилган санадан бошлаб ўн беш кундан кечиктирмай малака имтиҳони натижалари бўйича талабгорларга берилган сертификатлар тўғрисида ахборот тақдим этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид