Европарламент депутатлари Лукашенкони персона нон грата деб эълон қилишди
Европа Иттифоқи парламенти депутатлари бугун 17 август куни ўтказилган мажлисда Беларусда 9 август куни ўтказилган президент сайловига доир қўшма баёнот қабул қилган.
Унга кўра, Европарламент депутатлари Беларусда ўтказилган президентлик сайлови натижаларини тан олмаслигини маълум қилишган.
Баёнотда ёзилишича, Беларусдаги сайловда овозлар Лукашенко фойдасига сохталаштирилган ва унда мухолифат номзоди Светлана Тихановская ғолиб чиққан бўлиши эҳтимоли борлиги туфайли сайлов натижаси Евроиттифоқ томонидан тан олинмаслиги маълум қилинган. Европарламент депутатлари Лукашенкони Европа Иттифоқи учун персона нон грата (исталмаган шахс) деб ҳисоблайди.
«9 август куни Беларусда бўлиб ўтган президент сайловлари эркин ва адолатли бўлиб ўтмаган. Сайловда мухолифат вакили Светлана Тихановская ғалаба қозонгани ҳақиқатга яқин. Шунинг учун биз Александр Лукашенкони Беларуснинг қайта сайланган президенти сифатида тан олмаймиз ва уни Европа Иттифоқида персона нон грата деб биламиз», дейилади баёнотда.
Шунингдек, Европарламент депутатлари Беларусь бўйлаб тинч намойиш ўтказаётган аҳоли вакиллари билан бирдам эканини билдирган: «Биз Беларусь халқининг мустақил кузатувчилар назорати остида янги ва эркин сайловлар ўтказилишини талаб қилиб чиқаётганини қўллаб-қувватлаймиз», дейилади баёнот матнида.
Европа Кенгаши раиси Шарль Мишелнинг айтишича, 19 август куни Беларусдаги вазиятни муҳокама қилиш учун Европа Кенгаши аъзоларининг йиғилиши бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
21:16 / 22.11.2024
Лукашенко Беларусда норозилик намойишлари такрорланса, интернетни «бутунлай ўчириб қўйиш» билан таҳдид қилди
20:52 / 20.11.2024
Лукашенко яна 32 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
14:41 / 20.11.2024
ЕИ давлатлари АҚШ ёрдами қисқарса ҳам Киевни қўллаб-қувватлашга тайёр
07:50 / 19.11.2024