Иқтисодиёт | 00:07 / 18.08.2020
7634
5 дақиқада ўқилади

Президент Хоразм вилоятида тадбиркорликни ривожлантиришга оид қарор имзолади

Президент Шавкат Мирзиёев 17 август куни «Хоразм вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳужжатда Хоразм вилоятининг саноат ва ишлаб чиқариш салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш, инвестициялар жалб этиш ва инфратузилмани такомиллаштириш чоралари санаб ўтилган.

«Khorezm Invest Project» МЧЖ инвестиция компанияси ташкил этилади

«Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖнинг «NBU Invest Group» МЧЖ, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг «PSB Capital» МЧЖ ҳамда «Асака» АТБнинг «Asaka Capital Invest» МЧЖ инвестиция компаниялари таъсисчилигида «Khorezm Invest Project» МЧЖ инвестиция компанияси ташкил этилади.

Ушбу компания Хоразм вилоятидаги инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, лойиҳаларни амалга оширишга маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш билан шуғулланади. Устав фонди дастлаб 30 млн АҚШ доллари эквиваленти миқдорида шакллантирилади. Кейинчалик бу қиймат инвестиция компанияси таъсисчиларининг қўшимча ҳиссалари ва (ёки) жамиятга қабул қилинадиган учинчи шахсларнинг ҳиссалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоригача кўпайтирилади.

Умумий қиймати 2,2 триллион сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилади

Хоразм вилоятида 2020-2022 йилларда умумий қиймати 2,2 триллион сўмлик 84та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Шунингдек, умумий қиймати 516,8 миллион долларлик 26та истиқболли инвестиция лойиҳаси бизнес-режалари халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилади.

Шунингдек, бу лойиҳалар билан бир вақтда Хоразм вилоятининг ҳар бир туманида қўшимча янги саноат ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади.

Хоразм вилоятидаги тадбиркорлик йўналишлари бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилади ва тадбиркорларга таклиф этилади

Савдо-саноат палатаси, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги тижорат банклари билан биргаликда икки ҳафта муддатда Хоразм вилоятидаги тадбиркорлик йўналишлари бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқади ва ушбу лойиҳаларни амалга оширишни тадбиркорларга таклиф этади.

Экспорт қилувчиларга темир йўл юк қатнови тарифлари 50 фоиз арзонлаштирилади

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ 1 сентябрдан бошлаб экспорт қатновларда Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳри ўртасида экспорт қилувчиларга темир йўл юк қатнови тарифларига 50 фоиз чегирма жорий этади.

«Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонасининг имкониятлари кенгайтирилади

«Ҳазорасп» ЭИЗ қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган бўш турган ер участкалари ҳисобидан кенгайтирилади. Уларнинг бош режасини ишлаб чиқиш, шунингдек, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК давлат унитар корхонаси буюртмачи этиб белгиланади.

«Ҳазорасп» ЭИЗнинг бўш ер майдонларига бириктирилган Ўзбекистон Республикасининг Австрия, Бельгия, Буюк Британия, Германия, Греция, Франция, Испания, Италия, Латвия, Польша ва Туркия давлатларидаги элчихоналари вилоят ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан «Ҳазорасп» ЭИЗ янги инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш чораларини кўради.

Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмасдан Инфратузилма жамғармаси ташкил этилади ва давлат, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари томонидан ажратиладиган грант ва кредит маблағлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланади.

Инфратузилма жамғармаси маблағлари «Ҳазорасп» ЭИЗ кенгайтирилган ҳудудларида инфратузилма қурилишини молиялаштиришга йўналтирилади.

«Ҳазорасп» ЭИЗ кенгайтирилган ҳудудларида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини қуриш учун маблағ ажратилади

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Ҳазорасп» ЭИЗ кенгайтирилган ҳудудларида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини қуриш учун инвестиция компаниясига 10 йил муддатга 2,5 фоиз ставкасида 13 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағлар ажратилади.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан ажратиладиган маблағларни сўндиришда «Ҳазорасп» ЭИЗ ҳудудида муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси объектларини қуриш харажатлари тегишли равишда инвестиция лойиҳалари ташаббускорлари томонидан мутаносиб равишда ажратилган ер майдони кўламидан келиб чиқиб босқичма-босқич қопланади, сўндириш учун маблағлар етарли бўлмаган тақдирда инвестиция компанияси томонидан қайтарилади.

Ушбу қарор натижадорлиги тўғрисида 2020 йил 1 декабрда ва 2021 йилнинг ҳар чораги якуни бўйича президентга ахборот берилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид