Ўзбекистон | 07:58 / 19.08.2020
16810
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 3000дан ортиқ дорихоналарга огоҳлантириш берилди

Коронавирус инфекциясининг кўпайиши натижасида одатий иситма туширувчи, вирусларга қарши, иммунитетни оширишга мўлжалланган одатий дорилар мавжуд бўлган дорихоналарда турнақатор навбатлар юзага келди, даволаниш учун зарур бўлган дори-дармонлар эса оширилган нархда сотилди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан карантин бошланган даврдан буён дори воситалари нархи ошиб кетишининг олдини олиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, дейилади агентлик хабарида.

Қайд этилишича, мутасадди идоралар вакилларидан иборат тузилган ишчи гуруҳлар билан биргаликда савдо устамаларига ҳамда савдо қоидаларига қатъий риоя қилиш, дори воситаларига бўлган сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтирмаслик, қонун ва лицензия талабларига амал қилмасликнинг ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида тегишли тушунтиришлар олиб борилди, республика бўйича 3000дан ортиқ дорихона раҳбарлари ва ходимларига расмий огоҳлантириш хатлари берилди.

Жорий йилнинг 20 июль – 12 август кунлари 500га яқин дорихоналарда Вазирлар Маҳкамаси қарорининг 2-иловасига биноан COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари ва биологик фаол моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларининг (товар номи бўйича) дорихоналарда мавжудлиги ва уларнинг чакана нархлари юзасидан Агентлик томонидан мониторинг кузатувлари ўтказилди.

Мониторинг дорихоналарда қуйидаги дори воситалари мавжуд эмаслигини кўрсатган: “Визавирин” (Ҳиндистон), “Алувиа” (Германия), “Лопинавир/Ритонавир” (Ҳиндистон), “Эликвис” (АҚШ).

Республика бўйича ўрганилган дорихоналарнинг 14тасида (Тошкент ш., Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилояти) “Арбидол” (Россия) ва “Арпефлю” (Беларус) дори воситаси мавжудлиги ҳамда уларнинг қолдиқ захираси камлиги (605 қути) кузатилди.

Ўрганилган дорихоналарнинг фақат 3тасида (Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Тошкент вилояти) “Плаквенил” (Испания) дори воситаси борлиги ва улардан фақат 12 қути қолганилиги кузатилди.

Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган ахборотларга кўра, аҳоли талаби юқори бўлган айрим дори воситалари дорихоналардан ташқарида ва бошқа йўллар билан қиммат нархларда сотилаётганлиги қайд этилмоқда. Хусусан, “Плаквенил” каби дори воситаси дорихоналардан ташқарида 500 минг сўмдан 1 миллион сўмгача сотилаётган бўлса, чакана нархи 405 000 сўмдан ошмаслиги лозим бўлган “Клексан” 4000 ХА МЕ дозали дори воситаси дорихоналар ва ундан ташқарида 2,4 млн сўмгача нархларда сотилмоқда. Беларусда ишлаб чиқарилган “Гепарин” дори воситаси ҳам дорихоналарда қутиси учун 400 000 сўмдан реализация қилинмоқда, унинг чекланган чакана нархи 135 000 сўмни ташкил этади.

Агентликнинг ҳудудий тузилмалари томонидан 30та дорихонада ўтказилган текширишлар давомида қуйидагилар маълум бўлди:

1. 9та (Тошкент ш. Жиззах, Самарқанд, Тошкент в.) ҳолатда белгиланган устамаларни 20 фоиз ўрнига 93 фоизгача қўлланилган.
2. 6та (Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё в., Тошкент ш.) ҳолатда яроқлилик муддати ўтган, рўйхатдан ўтмаган ва кирим ҳужжати мавжуд бўлмаган дори воситаларини реализация қилиш ҳолатлари аниқланган.
3. 12та дорихонага белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли кўрсатма берилган (чора кўрилган) ҳамда лицензия шартларини қўпол равишда бузганлиги учун белгиланган тартибда лицензиясини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш учун Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига тўпланган ҳужжатлар юборилди.

Шунингдек, истеъмолчилар мурожаатларини ўрганиш давомида ва Агентлик томонидан олиб борилган мониторинг натижасида дори воситаларини товар чекисиз сотиш ҳолатлари аниқланмоқда. Дорихоналар аксарият ҳолатларда дори воситалари нархларини яшириш мақсадида товар чекини беришмаётганлиги кузатилмоқда. Бу дори воситаларини қиммат нархларда сотиш ҳолатларини аниқлашни қийинлаштирмоқда.

Бугунги кунда дорихоналарни лицензиялаш тартиби тўғрисида низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, товар чеки бермаслик лицензияни бекор қилиш учун асос бўлган қўпол бузилишлар сифатида таснифлашни назарда тутувчи қарор лойиҳаси тайёрланди.

Мавзуга оид