13:22 / 21.08.2020
5755

Эксперт коронавирус билан касалланганларда бош айланишига изоҳ берди

Бош айланиши аслида бошқа касалликларга ҳам хос синдром ҳисобланади. Мазкур аломат айнан коронавирусга хос эмас. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева АОКАда ўтказилган брифингда шу ҳақдаги саволга жавоб берди.

«Беморда бош айланиши билан кечадиган касалликлари мавжуд бўлган бўлса, коронавирус ўша касалликларни кучайтирган бўлиши мумкин. Бош айланиши — қон босими, бош мия қон босими ва бошқа турли касалликларга ҳам хос хусусият бўлиб, бу ҳолатни ўтказиб юбориш яширин кечиши мумкин бўлган касалликлар ривожланишига олиб келади. Бемор касалликдан тузалгандан сўнг поликлиникага чиқиб, тор мутахасисслар ва махсус текширувлардан ўтиши керак», деди у.

Брифингда болада аллергия касаллиги мавжуд бўлса ҳамда бўғилишлар кузатилса, бундай болаларда коронавирус қандай кечиши ҳақида ҳам маълумот берилди.

«Илк ёшдаги болаларда коронавирус касаллиги симптомларсиз, улардан каттароқ, яъни 12 ёшгача бўлганларда касаллик кечуви жуда ҳам енгил кузатилиши борасида аниқ маълумотлар мавжуд Лекин организмида ёндош бошқа касалликлари бўлган болаларда ёки аллергияси мавжуд бўлса, шунингдек, оддий шамоллаш даврида ҳам бўғилиш ҳолатлари кузатилса, бундай болаларда коронавирус ўрта оғирликда ёки оғирроқ кечиши мумкин. Аллергия — коронавирус организмга тушганидан сўнг, организмда жароҳатланиш ва касаллик қўзғаш хусусиятини кенгайтиради ҳамда касаллик кечувини кучайтиради», деди штаб аъзоси.

Top