Жаҳон | 23:10 / 21.08.2020
6306
2 дақиқада ўқилади

Малайзияда сунъий оролларда экошаҳар барпо этилади (видео)

BIG ва Hijjas архитектура бюролари ва Ramboll консалтинг компанияси Малайзиянинг Пенанг штатида экошаҳар барпо этиш бўйича танловни ютиб чиқди. Экошаҳар 1,8 минг гектар майдонда қурилади.

Танлов ғолиби - BiodiverCity деб номланган лойиҳа учта сунъий ороллар гуруҳида “яшил” шаҳар барпо этишни кўзда тутади. 1,8 минг гектар майдонда боғлар, конференц-марказлар, турар-жой бинолари, соҳилбўйлари, пляжлар, технопарклар барпо этилади. Лойиҳа муаллифлари экологик жиҳатлар ва биотурфаликка урғу берганлар.

Лойиҳага кўра, 1-босқичда технопарк ва тўлқинли бассейн қурилади. Кейинги босқич маъмурий бинолар ва илмий-тадқиқот бинолари қурилишини ўз ичига олади. 3-босқичда “маданият соҳили” деб номланган объект барпо этилади. Шаҳар маркази 200 гектар майдонга эга рақамли боғдан ташкил топади. 

Январда Toyota компанияси келажак технологияларини синашга имкон берувчи “ақлли” шаҳар прототипини қуриш режасини эълон қилган. Woven City деб номланадиган шаҳар Хонсю оролида, Фудзияма тоғи этагида қурилади. Майдони 70 гектардан кўпроқни ташкил қилувчи шаҳар қурилишини 2021 йилда бошлаш режалаштирилган. Toyota ушбу лойиҳани бир қатор ҳамкорлари билан амалга оширади.

Шаҳар аҳолиси дастлаб 2 минг кишини (асосан Toyota ходимлари ва уларнинг оила аъзолари) ташкил қилади. Бироқ кейинроқ аҳоли кўпайтирилиши мумкин. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид