Ўзбекистон | 16:32 / 21.08.2020
6435
2 дақиқада ўқилади

Тест синовларига тайёргарлик 30 августгача ниҳоясига етказилади – ДТМ

Бу йилги тест синовларига тайёргарликлар 30 августда ниҳоясига етказилади, деб маълум қилди Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов.

Фото: KUN.UZ

«Тест синовлари учун республика миқёсида 40та стадион ва хиёбонлар танлаб олинган. Ҳозирда тайёргарлик ишлари амалга ошириляпти. Бу жараён 30 августга қадар давом этади.

Барча ҳудудларда зарурий жиҳозлар, талаб даражасидаги видеокузатув қурилмалари, шахсни идентификация қилиш ускуналари ўрнатилмоқда.

Тест синовлари давомийлиги Андижон, Сурхондарё, Қашқадарё, Сирдарё, Навоий вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 12 кун, Фарғона вилоятида 10 кун ичида бўлади. Ҳар бир ҳудуд навбатчи тез тиббий ёрдам машиналари билан таъминланади. Бинога киришда абитуриентлар дезинфекциядан ўтказилади. Ҳарорат ўлчаниб, тиббий қўлқоп, ниқоб ва кепкалар берилади.

Имтиҳон пайтида шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади. Аввало, абитуриентлар шахсини идентификациялаш воситаларидан ўтгач, ҳудудга киритилиши жорий қилинади. Жараён видеокузатувда бўлади ва онлайн трансляция қилинади» – деди Сардор Ражабов 21 августда АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, абитуриентларга махсус рухсатнома берилиши 22 августдан, тест синовлари эса 2 сентябрдан бошланади          .

Маълум қилинишича, тест синовларига ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки паспорт нусхаси билан кириб бўлмайди, абитуриентлардан паспортнинг асл нусхаси ва абитуриент рухсатномаси сўралади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид