Ўзбекистон | 08:34 / 22.08.2020
7875
4 дақиқада ўқилади

«Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда тасдиқланди

Қонуннинг мақсади одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

«Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқланди.

Одам савдосига қарши курашишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги;

одам савдосидан жабрланганларнинг камситилишига йўл қўймаслик;

ижтимоий шериклик.

Одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

одам савдосига қарши курашишга, шу жумладан одам савдосига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

одам савдосининг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, тиббий, профилактика чора-тадбирларини, ахборотга оид чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш;

одам савдосини ўз вақтида аниқлаш ва унга чек қўйиш, унинг оқибатларини бартараф этиш, шунингдек одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги принципини таъминлаш;

одам савдосидан жабрланганларни, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шу жумладан ижтимоий ҳимоя қилиш;

одам савдосига қарши курашиш соҳасида илмий-тадқиқот ишлари, конференциялар, семинар-тренинглар ва давра суҳбатлари ўтказишга доир фаолиятни, шунингдек ушбу соҳадаги фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ходимларини касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга доир фаолиятни ривожлантириш ҳамда рағбатлантириш;

одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий комиссия давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, бошқа ташкилотларнинг одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштирувчи коллегиал органдир.

Миллий комиссиянинг қарорлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бажарилиши шарт, нодавлат нотижорат ташкилотлари учун эса тавсиявий хусусиятга эга.

Миллий комиссия:

Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиядан;

Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиядан иборат.

Миллий комиссияни шакллантириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Одам савдосининг олдини олишга доир чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

фуқароларнинг одам савдосидан жабрланишининг олдини олишга, уларнинг ҳимоясиз ва хавф остида қолишига сабаб бўлган ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишни;

одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ва ушбу муаммоларнинг ечимларини ишлаб чиқиш мақсадида мазкур соҳадаги фаолиятнинг доимий мониторингини амалга оширишни;

одам савдосидан жабрланганлар тушиб қолиши мумкин бўлган хавфли вазиятлар ҳақида, давлат ҳамда одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган муассасалар томонидан тақдим этиладиган ҳимоя чоралари тўғрисида, одам савдосига қарши курашиш учун давлат томонидан кўрилаётган жиноий ва маъмурий таъсир чоралари ҳақида жамиятнинг хабардорлигини оширишни;

туристик фаолиятни, шунингдек аҳолини иш билан таъминлашга оид фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар фаолиятига доир талабларни белгилашни;

Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим муассасаларида ва нодавлат таълим ташкилотларида одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги таълим дастурларини ишлаб чиқишни ва амалга оширишни;

одам савдосига қарши курашишга доир фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ходимларини касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш чораларини кўришни.

Одам савдосининг олдини олиш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Мавзуга оид