Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон мезбонлик қиладиган Осиё чемпионати U19 кейинги йилга қолдирилади
Осиё Футбол Конфедерацияси Ўзбекистонда ўтказилиши белгиланган 19 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатини 2021 йилга қолдиради.
Kun.uz манбаси хабарига кўра, ОФК бу ҳақда иштирокчи жамоаларнинг миллий федерацияларига хат юборган. Унда коронавирус пандемияси билан боғлиқ мураккаб вазият туфайли, мусобақани ўз вақтида ўтказиш имконсизлиги қайд этилган.
Осиё чемпионати U19 14-31 октябрь кунлари юртимизда ўтказилиши лозим эди. Мусобақага қуръа ташлаш жараёни ҳам амалга оширилганди. Бироқ, чемпионатда иштирок этувчи кўплаб жамоалар коронавирус пандемияси туфайли сафар қилиш имкониятлари чеклангани ҳақида ОФКни огоҳлантиришди. Натижада, мусобақа кейинги йилга қолдириладиган бўлди.
Қайд қилиш жоизки, Осиё чемпионати U19 финал босқичининг регламенти, қуръа натижалари, шаҳарлар, стадионлар ўзгаришсиз қолдирилади. Футболчиларнинг ёши ҳам ўзгармайди.
Мусобақанинг қайси санада ўтказилиши мезбон билан келишилган ҳолда кейинчалик белгиланади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда ўтадиган мусобақада яримфиналга чиққан 4та жамоа 2021 йил Индонезия мезбонлик қиладиган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига йўл олади.
Финал босқичига қуйидаги жамоалар йўл олган: Ўзбекистон, Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Қатар, Япония, Тожикистон, Австралия, Индонезия, Малайзия, Ироқ, Вьетнам, Камбожа, Эрон, Яман, Баҳрайн, Лаос.