13:50 / 26.08.2020
4843

Бош айланиб, ҳушдан кетиш коронавирусга хос эмас – Штаб аъзоси

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова АОКАда бўлиб ўтган брифингда аҳоли вакиллари йўллаган саволларга жавоб қайтарди.

Хусусан, бош айланиб, ҳушдан кетиш ҳолатлари коронавирус касаллигида кузатилмаслиги маълум қилинган.

«Ушбу ҳолатлар коронавирус касаллигига хос эмас. Лекин ушбу касалликда мавжуд бўлиши мумкин бўлган асоратлар бу ҳолатга сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Бош айланиши ва ҳушдан кетиш ҳолатлари асосан бемор қон босими тушиб кетиши, камқонлик ва юрак ритмининг бузилиши натижасида юзага келиши мумкин. Бундай ҳолатларда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак», деди штаб аъзоси.

Шунингдек, мурожаатлардан бирида карантин қоидалари юмшатилиши вазиятни қанчалик оғирлаштириши мумкинлиги ҳақида сўралган.

«Июнь ва июль ойлари жуда қийин кечди. Одамлар вирус хавфини жиддий қабул қилишди. Шу даврда тартиб-интизомга қатъий риоя қилишни бошладилар ва шу билан тиббиёт ходимларига анча ёрдам бериб, эпидемиологик вазият бирмунча барқарорлашди.

Аммо ҳозирда аҳоли ўртасида яна бўшашиш кузатилмоқда. Айниқса ёшлар ўртасида. Ижтимоий масофага риоя қилинмай, ниқобларни нотўғри тақиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Тажрибалар шуни кўрсатдики, бошқа давлатларда шундай ҳолатлар кузатилганида касаллик сони яна ортган. Агар бефарқ одамлар кўпаядиган бўлса, 1-2 ой ичида касаллар сони кескин ортади, вазият ёмонлашади. Шунинг учун барча шу жумладан, ота-оналар, болалар ҳамда ўқитувчилар эҳтиёт чораларига қатъий амал қилишлари зарур. Вазиятни назорат қилиш одамларнинг ўз қўлларида», деди Барно Абдусаматова.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top