Жаҳон | 20:44 / 26.08.2020
15044
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон пойтахтида Чағониён тумани пайдо бўлиши кутилмоқда

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида янги туман ташкил этилиши мумкин. Унга Чағониён деб ном бериш таклиф этилмоқда.

Фото: Азия-Плюс

Охирги йилларда Душанбе шаҳрининг аҳолиси сезиларли кўпайиб, унинг майдони кенгайиб бораётгани сабабли яқин келажакда Душанбе шаҳрининг маъмурий-ҳудудий бўлинишида ўзгаришлар бўлиши ва унинг харитасида янги туман пайдо бўлиши мумкин.

Душанбеда чоп этиладиган «Садои Мардум» газетасининг иқтисодиёт бўлими раҳбари Сайфиддин Суннати йирик туман ҳисобланган Ибн Сино туманини иккига бўлиш ва пойтахтда яна битта янги туман ташкил этиш таклифини илгари сурди. Суннатига кўра янги туманга Чағониён номини бериш лозим.

Суннати ўз таклифини ўрта асрларнинг бошларида ҳозирги Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти ва Тожикистоннинг Душанбе шаҳри жойлашган Ҳисор водийсида Чағониён давлати бўлганлиги билан асослайди. Турли вақтларда у баъзан мустақил давлат бўлган, баъзида Кушонлар, Эфталитлар, Сосонийлар каби империялар таркибига кирган.

«Агар биз янги туманга Чағониён номини берсак, тарихий адолатни тиклаймиз», дейди Сайфиддин Суннати ўз мақоласида.

Душанбе шаҳар маъмуриятининг таъкидлашича, пойтахтда янги маъмурий бўлинма тузиш масаласи кўтарилмаган. Аммо ҳозирда Душанбе шаҳри атрофида жойлашган Рўдаки туманидан янги ҳудудларни қабул қилиш ва пойтахт ҳисобига ўтказиш жараёни давом этмоқда.

2020 йилнинг биринчи ярмида Душанбе шаҳар кенгаши, унинг раиси Рустам Имомали томонидан пойтахтнинг янги чегараларини белгилаш тўғрисидаги қарорини маъқуллади. Ушбу қарорга биноан, Душанбе шаҳрининг ҳудуди 7,66 гектарга кенгайтирилиб, жами 20,32 минг гектарга етказилади.

Душанбе шаҳрининг бош режасига кўра, пойтахт ҳудуди 2040 йилга келиб 25 минг гектарга, 2040 йилдан кейин эса 30 минг гектарга етказилади. Тахминларга кўра, бу вақтда Душанбе аҳолиси 1,5 миллионга етиши мумкин.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри собиқ иттифоқ республикалари пойтахтлари орасида аҳоли сони бўйича 12-ўринда туради. Фақат Кишинёв, Бишкек ва Таллин шаҳарлари аҳоли сони бўйича Душанбедан ортда қолмоқда.

Мавзуга оид