Ўзбекистон | 07:26 / 27.08.2020
30227
6 дақиқада ўқилади

Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида янги инспекция ташкил этилди

Экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мўлжалланмоқда.

Президент “Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида ходимларнинг чекланган сони 18 нафар бўлган Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва ташқи савдони мониторинг қилиш инспекцияси ташкил этилди.

Инспекция зиммасига Ҳисоб палатасининг:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий даражадаги ташрифлари давомида имзоланган ҳужжатлари ижросини назорат қилиш;

стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш;

маҳаллийлаштириш жараёнини янада такомиллаштириш, бюджет ташкилотлари, бюджет маблағларини олувчилар ва мониторинг юритиладиган корхоналар томонидан импорт қилинган маҳсулотларнинг асосланганлигини ўрганиш бўйича функциялари юкланди.

Белгиланишича:

Инспекция штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тузилмасидаги Стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари ижросини мониторинг ва назорат қилиш шўъбасининг 7 та ҳамда Олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича эришилган келишувлар ижросини назорат қилиш ва унга кўмаклашиш шўъбасининг 11 та штат бирликларини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилади;

Инспекция фаолияти мазкур Фармонга мувофиқ тасдиқланаётган Ҳукумат комиссияси томонидан мувофиқлаштирилади.

Ҳисоб палатаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий даражадаги ташрифлари давомида имзоланган ҳужжатларнинг ҳамда стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш доирасида Инспекциянинг «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимидан фойдаланиши имкониятини яратади.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисидаги низомни;

Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва ташқи савдони мониторинг қилиш инспекцияси тўғрисидаги низомни ҳамда унинг тузилмасини тасдиқлайди.

Қуйидагиларга:

инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосарлари А. Воитов ва Л. Кудратов зиммасига — Ҳукумат комиссиясининг фаолиятини самарали ташкил этиш, экспорт прогноз кўрсаткичлари, Инвестиция дастурларининг умумий параметрлари ҳамда олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш юзасидан тасдиқланган «йўл хариталари» ижросини таъминлаш, шунингдек халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича масъул вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари фаолиятини умумий мувофиқлаштириш;

иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг ўринбосари О. Рустамов зиммасига — ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиларининг фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда мамлакатда ишлаб чиқарилаётган товарларнинг электрон кооперация порталига тўлиқ жойлаштириб борилишини таъминлаш, мазкур порталда савдо ҳажмларини кескин ошириш чораларини кўриш;

Бош прокурорнинг ўринбосари С. Саидкаримов зиммасига — Ҳукумат комиссияси томонидан берилган топшириқларнинг масъул вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини назорат қилиш;

молия вазирининг биринчи ўринбосари О. Насритдинходжаев зиммасига — Ҳукумат комиссияси фаолияти доирасида маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар ва лойиҳа ташаббускорларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қонунчиликда белгиланган чора-тадбирларни молиялаштириш, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан зарур маблағларни ўз вақтида ва тўлиқ ажратилишини таъминлаш;

ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Ф. Арзиев зиммасига — хорижий давлатлар билан иқтисодий дипломатияни кенгайтириш, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари томонидан мамлакатнинг экспорт ва инвестиция салоҳиятини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларни мувофиқлаштириш;

Марказий банк раисининг ўринбосари Б. Абубакиров зиммасига — тижорат банклари томонидан экспорт қилувчи корхоналарга айланма маблағларни шакллантириш бўйича зарур кредит маблағларини ажратиш, шунингдек, инвестиция лойиҳалари ҳамда олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш юзасидан тасдиқланган «йўл хариталари»да белгиланган тадбирларни ўз вақтида молиялаштиришни мувофиқлаштириш;

Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари М. Салиев зиммасига — мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришда божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, ушбу йўналишга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб этиш;

Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари А. Файзибаев зиммасига — экспорт қилувчи корхоналар, инвестиция лойиҳалари ташаббускорларига тақдим этилган солиқ имтиёзларини самарали қўлланилишини таъминлаш, шунингдек маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга қўшилган қиймат солиғи тўловларини ўз вақтида қайтарилишини ташкил этиш;

«Ўзстандарт» агентлиги бош директори Д. Саттаров зиммасига — маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар ҳамда инвестиция лойиҳалари ташаббускорларига замонавий халқаро стандартларни жорий этишда кўмаклашиш, маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилишда ташқи бозорларда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги тўсиқларни аниқлаш ва бартараф этиш;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи И. Эргашев зиммасига — маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилишда ташқи бозорлардаги фитосанитария чекловларини бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

«Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» АЖ бошқаруви раиси А. Мирсоатов, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ бошқаруви раиси С. Аннакличев ва «Асака» АТБ бошқаруви раиси Н. Сайдуллаев зиммасига — мамлакатнинг экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада кенгайтиришга қаратилган тадбирлар ҳамда рақобатбардош лойиҳаларни амалга оширишда кўмаклашиш юзасидан шахсий жавобгарлик юкланди.

Мавзуга оид