08:27 / 31.08.2020
4448

Божхона аудитини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби очиқланди

Товарлар чиқариб юборилгандан кейин ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси фаолиятини баҳолаш ҳамда уларнинг товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга оширишни тартибга солиш режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Божхона аудитини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Божхона аудитини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:

2021 йил 1 мартгача Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда божхона аудитини амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзолайди;

2021 йил 1 сентябргача божхона аудитини амалга оширишни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;

ушбу қарорнинг моҳияти ва аҳамияти оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари орасида кенг ёритилиши таъминлайди;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштиради.

Божхона аудитини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, божхона аудитининг мақсади:

  • ташқи савдони ривожлантириш ва товарларни тегишли божхона режимига чиқаришни тезлаштириш;
  • божхона тўловларининг тўғри ҳисобланганлиги ва ундирилганлигини таъминлаш;
  • ваколатли шахснинг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ўрганиш;
  • хавфни бошқариш соҳасидаги божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш;
  • ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларини рағбатлантириш;
  • божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишдан иборат.

Божхона аудити мақсадларидан келиб чиқиб, у қуйидаги вазифаларни қамраб олади:

  • товарларни муайян божхона режимига жойлаштиришнинг қонунийлигини;
  • божхона декларациясида кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга мослигини;
  • божхона юк декларациясида расмийлаштирилган товарларнинг Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН кодига мувофиқ тўғри таснифланганлигини;
  • маълум қилинган божхона қийматининг ҳаққонийлигини;
  • божхона тўловларининг тўғри ҳисобланганлиги ва ундирилганлигини;
  • товарларга нисбатан преференцияларни тўғри қўлланилганлигини ва божхона тўловларининг тўлиқ тўланганлигини;
  • божхона тўловлари бўйича имтиёзлар тўғри қўлланилганлигини ҳамда фойдаланиши чекланган товарларни ишлатилганлиги ёки улардан мақсадли фойдаланганлигини;
  • шартли чиқариб юборилган товарларни белгиланган тартибдаги чекловларига риоя этилишини;
  • ваколатли иқтисодий операторлар реестрига кириш шартларига риоя этилишини;
  • товар ва транспорт воситалари сақланадиган жойларга чиққан ҳолда улар бўйича амалга оширилган операцияларнинг қонунийлигини ўрганиш;
  • Ўзбекистон Республикасининг божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тақиқ ва чекловларга риоя қилинишини текширишдан иборат.

Божхона аудити ваколатли шахсларини танлаш божхона органларининг ахборот дастурлари маълумотлари таҳлили, божхона органларининг таркибий тузилмалари, бошқа ташкилот ҳамда идоралардан келиб тушган ахборот ва маълумотлар, шунингдек хавф кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Божхона аудити учун танланган мазкур ваколатли шахсларнинг ташқи иқтисодий фаолиятига маълумотлари мониторинг қилиш натижаларига кўра қайта танлаб олиниши мумкин.

Божхона аудити қуйидаги ваколатли шахсларга нисбатан ўтказилади:

1) декларант;

2) ташувчи;

3) божхона омбори бўлмаган жойларда товарларни божхона назоратида сақлаётган шахс;

4) божхона омборлари, бож олинмайдиган савдо дўконлари ва эркин омбор эгалари;

5) товарларга нисбатан улар чиқариб юборилганидан кейин уларни қабул қилувчи ва (ёки) сотиб олувчилар;

6) ваколатли иқтисодий оператор;

7) товарлар чиқариб юборилгандан сўнг товарлар бўйича тузилган ташқи иқтисодий фаолият шартномасида бевосита ёки билвосита иштирок этган шахслар;

8) ваколатли шахснинг ўрнига барча молиявий ва ҳуқуқий мажбуриятларни ўз зиммасига олган шахслар.

Божхона аудитини амалга ошириш жараёнида зарурат бўлганда махсус билим ва кўникмаларга эга, манфаатдорлиги бўлмаган мутахассис жалб қилиниши мумкин.

Товарлар чиқариб юборилганидан кейинги божхона назорати ҳамда божхона тўловларини қўшимча ҳисоблаш товарларнинг божхона назорати остида бўлиши тугаган пайтдан эътиборан уч йил давомида амалга оширилиши мумкин.

Ваколатли шахснинг айнан бир товарига нисбатан такрорий божхона аудити ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Божхона аудити мақсадларидан келиб чиқиб божхона аудити камерал ва сайёр шаклда ўтказилиши мумкин.

Божхона аудитини ўтказиш кўрсатилган кетма-кетликда амалга оширилади.

Низомда белгиланган тартибда ўтказилган божхона аудити натижаси бўйича божхона органлари томонидан тегишли далолатнома расмийлаштирилади ва қарор қабул қилинади ҳамда BOJXONA AUDITI автоматлаштирилган ахборот тизимида қайд этиб борилади.

Top