18:01 / 01.09.2020
12389

Ракитич «Барселона»ни тарк этди

«Барселона» хорватиялик яримҳимоячиси Иван Ракитич «Севилья»га йўл олганини расман маълум қилди.

Хорватиялик футболчи собиқ жамоаси билан 4 йиллик шартнома тузади.

Хабар қилинишича, 32 ёшли футболчининг трансфери учун 1,5 млн евро тўғридан тўғри тўлаб берилган, яна 9 миллион евро бонуслар кўринишида берилиши мумкин. 2 сентябрь куни клуб хайрлашув маросимини ўтказади.

«Барселона» Ракитичга миннатдорчилик билдиради ва унга келажакда муваффақият тилайди», дейилади клуб расмий сайти хабарида.

Ракитич 2011 йилдан 2014 йилгача «Севилья» сафида тўп сурган, унгача эса кўп йиллар давомида «Шальке» ва «Базель» клублари шарафини ҳимоя қилган.

«Севилья» ҳам Ракитич билан 2024 йил июнига қадар шартнома тузилгани ҳақида эълон қилди.

2019/2020 йилги мавсумда Ракитич барча турнирлар доирасида 42 ўйинда майдонга тушиб, бир гол урди ва беш голга узатма берди. У каталонияликлар клубида ўтказилган 6 мавсумда жами 310 майдонда тушиб, 35 гол урган ва 42 голга ҳаммуаллифлик қилган.

Top