Спорт | 23:05 / 04.09.2020
41859
7 дақиқада ўқилади

Месси каттами ёки «Барселона»?

Сўнгги кунларда Мессининг «Барселона»дан кетиши мавзуси шу қадар кенг муҳокама қилиндики, шу давргача амалга оширилган миллиард еврога яқин трансферларни ўз соясида қолдира олди. 

«Ҳеч бир футболчи клубдан каттароқ эмас» - «Барселона»нинг «отаси» Йохан Кройфнинг бу сўзлари шубҳасиз, «Камп Ноу»нинг қайсидир хонасига осиб ҳам қўйилгандир. Аммо Месси билан боғлиқ ҳолатлар бунинг аксини исботлагандек бўлди, биргина футболчининг баёноти ҳаммасини остин-устун қилиб юбордики, ҳатто Бартомеу истеъфога чиқиши, сайловлар қайта ўтказилиши каби катта воқеалар рўй беришина бир бахя қолди. Ростан ҳам Месси каттароқми?

Бир томондан, ҳа, чунки, Месси дунёнинг энг яхши футболчиси, майли, иккитадан биттаси, «Барселона» эса, сўнгги ўйинини 2:8 ҳисобида ютқазди, яъни энг кучли клуб эмас, иккитадан биттаси ҳам эмас.

Бошқа тарафдан, йўқ, Месси «Барселона»дан эмас, бугунги раҳбариятдан каттароқ экани намоён бўлмоқда, холос. Чунки Месси ҳеч қандай шарт қўйгани йўқ, ниманидир бошқаришга уринмади, мураббий танламади - шунчаки, жамоани тарк этишни хоҳлади, холос. Жудаям табиий бўлган хоҳиш, зеро «Барселона» авлодлар алмашинувига муҳтож, балки бир-икки йил қайта қуриш ишлари бўлар - бу вазиятда, яна бироз шубҳали бўлган Рональд Куман билан амалга ошиши мумкинлигига ишончсизлик, футболчининг 33 ёшга кириб, фаолиятининг сўнгги йилларида кучлироқ жамоада, балки бошқа чемпионатда совринлар ютишга бўлган иштиёқи жиноят эмас, тўғрими?

Ҳар қандай афсонавий футболчилар билан ҳам бундай воқеалар бўлади ва зинҳор бу футболчининг ўзини катта тутиши эмас. 

Кройфга ўхшашроқ бошқа - «агар қачонки, бирор футболчи мураббийдан муҳимроқ бўлар экан, ҳаммаси тамом» иқтибоси муаллифи Алекс Фергюсон даврини эсланг. Уэйн Руни жамоани тарк этишни истаган. Клуб керакли трансферларни амалга оширмаётгани, юқори совринлар учун курашишга кўзи етмаётганини айтган. Хўш, Фергюсон ўша иқтибосни эслаб, Рунидан воз кечганмиди? Йўқ, у футболчи билан гаплашиб, ишонтирган, кўндирган, ҳаммаси яхши бўлишини айтиб, ваъдалар берган. Уэйн мураббий кетганидан кейин ҳам, тўрт йил Манчестерда тўп сурди.

Мессининг футболда учраб турадиган табиий истаги бу қадар катта резонанс берганининг сабаби, Бартомеу бошқарувидаги муваффақиятсизликлардир. У на мураббий танлашда, на трансферларда самарали иш олиб борди, натижада, қаторасига тўрт йил «Барселона» йирик ҳисобдаги мағлубиятлар билан ЕЧЛни тарк этди. 

Тасаввур қилинг, агар бу йил «Барселона» ЕЧЛни ютиб, Бартомеу отнинг устида бўлганда, Мессининг кетишига муносабат хотиржамроқ бўлмасмиди? Худди Роналду осонлик билан «Реал»ни тарк этгандек, Мессининг кетиши худдики янги даврнинг бошланишини билдиргандек, чиройли кузатиш бўлар, ишонаманки, Бартомеу ҳам бу қадар оёқ тираб туриб олмасди. Демак, Мессининг кетиши қандайдир режа ёки стратегик қарор эмас, самарасиз бошқарувнинг оқибати бўлиб қолиши Бартомеу учун катта зарба бўларди. У трансферлар учун уч йилда етти юз миллион сарфлаб, бирор марта нишонга урмаган, бунинг устига Неймар ва Мессини шармандали тарзда қўлдан бой берган ношуд раҳбар сифатида тарихда қоларди. 

Катта эҳтимол билан Мессининг кетиши унинг ҳам курсисини силкитар, сайловларнинг бир йил олдинга сурилишина сабаб бўларди. Зеро қоидага кўра, агар шуни истаб ўн етти минг мухлис йиғилса, сайловлар муддати ўзгариши мумкин экан.

Бартомеунинг истеъфо беришга тайёр эканини айтиши, барибир, Мессидан кейин қола олмаслиги аниқлигидан эди. Бу қарор ҳам Мессига таъсир кўрсатмаслигини билгач, бошқа йўлдан фойдаланди. Парадоксни қарангки, футболчининг «Барселона»га муҳаббати Бартомеуни ҳам клубда олиб қолди.

Мессининг интервьюси ва у клубда қолаётгани бир қатор хулосаларга ундайди.

Футболчи Бартомеуга бутунлай қарши экани, аммо ўзи улғайган, яхши кўрган клуб билан судлашишгача боришни истамагани учун қолади. Яъни, клуб ўзи учун кўп фойда келтирган афсонасини шармандали мавсумдан кейин ўз истагига кўра сотишни истамади, судлашишга тайёр турди. Месси эса, бу ҳолатни ўзига эп кўрмади. Бу табиийки, Бартомеунинг мағлубияти, гўёки, якунда ғалаба қозонаётгандек кўринса-да.

Мессининг кетиши масаласига келаси ёзда яна қайтилади. Агар Мессининг ҳамма гапи тўғри бўлса, у бир йилдан бери «Барселона»да авлодлар алмашиши кераклиги, ўзи эса кетмоқчи эканини Бартомеуга айтиб келгани рост бўлса, демак, Месси барибир кетади. 

Эҳтимол, янги раҳбариятнинг қанақадир таклифи, Гвардиола ёки Неймарнинг жамоага келиши, каби воқеалар Мессини олиб ҳам қолар, ким билади...

Яна бир масала, гўёки, Месси мажбуран қолаётгани унинг янги мавсумда кучли ўйин кўрсатмаслигига сабаб бўлади, «Барселона» иштиёқсиз, ҳаётдан хафа Мессига эга бўлади, деган фикрлар ҳам бор. Мен бунга қўшилмайман.

Эсласангиз, Луис Суарес «Ливерпуль»даги сўнгги мавсуми олдидан, шунга яқин ҳолатга тушганди. Уни қўйиб юборишларини талаб қилган, машғулотлардан бош тортган, жамоадошлари билан тескари бўлиб қолган - шу даражадаки, машғулот ўтаётган бошқа футболчилар Суареснинг базага келишини исташмаган ҳам.

Воқеани давомини биласиз. Суаресга харидор бўлиб, «Арсенал» 40 миллион фунт таклиф қилади. Уругвайлик ҳужумчи бир оёғи билан Лондонда бўлган паллада, «Ливерпуль» трансфер суммасини оширишни талаб қилади. «Арсенал» таклифини 40 000 001 фунтга оширади. 

Хуллас, трансфер содир бўлмайди. Суарес кета олмайди. Ҳеч ким яна қизил либосда тасаввур қила олмай қолган футболчи фаолиятидаги энг яхши мавсумини ўтказади. Энг кўп гол уради. Чемпион бўлишига бир бахя қолади. Чемпион бўлолмагач, кўзидан дув-дув ёш тўкади. 

Айтмоқчиманки, Месси барибир «Барселона» ва футболни севади, офисда ўтирган бир ёқимсиз кимса унинг бир йил севган ишини қилишга халақит бера оладиган даражада катта эмас.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид