Ўзбекистон | 14:01 / 04.09.2020
46603
4 дақиқада ўқилади

Сўхдаги тартибсизликлардан сўнг қамоққа олинган 6 кишининг шахси маълум бўлди

Фарғона вилояти Сўх туманидаги тартибсизликларда иштирок этишда айбланиб қўлга олинган олти кишининг шахси маълум бўлди. Қариндошлари қўлга олинганлар можарода иштирок этмаганини таъкидлашмоқда.

Газета.uz нашри Фарғона вилоятининг Сўх туманида май ойидаги можаролар тўғрисидаги жиноят иши бўйича айбловлар эълон қилинган фуқароларнинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлди. Нашр маълумотига кўра, улар Давлатжон Маллаев, Фирдавс Аҳроров, Ойбек Оташев, Махсум Аҳмедов, Назиржон Жўраев ва Равшан Миршарипов. Бош прокуратура матбуот хизмати нашр сўровига жавобан ушбу исм-фамилияларни тасдиқлаган. 

Қайд этилишича, нашрга айб эълон қилинган Фирдавс Аҳроровнинг отаси Муллаҳусан Аҳроров мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, 25 ёшли ўғли можарода иштирок этмаган ва фақат фуқароларнинг бош вазир Абдулла Арипов билан учрашувида қатнашган.

Фирдавс Аҳроров

Унинг таъкидлашича, Фирдавс Аҳроров худди бошқа йигитлар сингари, 22 август куни вертолётда олиб кетилган. Ф.Аҳроров уй таъмирлаш билан шуғулланиши айтилган. Видеокадрлардан бирида унинг йўлдан чопиб ўтаётгани тасвирланган ҳамда бош вазир билан учрашувда фақат ўз муаммоларини очиқлаган.

Айбланувчининг отаси ўғлини иш жойидан Сўх тумани ички ишлар бўлимига чақиришгани, у ердан уни вертолётда олиб кетишганини айтган. Ўшанда фуқаро маҳаллий ИИБ ва ДХХ бўлимида ўғлининг қаердалиги тўғрисида маълумот ололмаган. Ҳокимлик вакиллари унга Фирдавс Аҳроровни «Фарғонага 5-6 кунга олиб кетишга ва тез орада қайтариб олиб келишлари»ни билдиришган.

Муллаҳусан Аҳроров

У паспорти йўқлиги сабабли Фарғонага кетолмаслигини ва турмуш ўртоғи касаллигини таъкидлаб ўтган.

Шунингдек, айбланувчи сифатида жиноий ишга жалб этилган 20 ёшли Ойбек Оташевнинг акаси Дадахон Оташев ҳам мурожаат қилган.

Ойбек Оташев

Унинг сўзларига кўра, 21 август куни соат тахминан 8:00да профилактика инспектори уларнинг уйига келиб, Ойбек Оташев «бир масала бўйича» ички ишлар бўлимига бориши кераклигини айтган. Сўнг уни ҳам Фарғонага вертолётда олиб кетишган.

Дадахон Оташев укаси 31 май куни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан бўлган учрашувда қатнашганини тасдиқлади.

  • 2020 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Сўх тумани, Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси Боткент области, Қадамжой тумани билан чегарадош ҳудудида жойлашган «Чашма» булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берганди.
  • Шу йилнинг 1 июнь куни Фарғона вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилгани, тергов давомида 6 нафар шахсга нисбатан ЖКнинг 219 ва 244-моддалари билан айб эълон қилиниб, уларга «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўллангани маълум қилинди.
  • Сўх туманида юз берган оммавий тартибсизликларда иштирок этганликда гумон қилиниб шу йилнинг 22 августидан буён ушлаб турилган блогер Ҳайдаржон Бобоҳайдаров (Дадахон Ҳайдаров) 2 сентябрь куни озодликка чиқарилди. Унинг адвокати ҳимояси остидаги шахсни жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб этиш ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш учун етарли асослар бўлмагани сабабли у тергов органи қарори билан қўйиб юборилганини маълум қилди.

Мавзуга оид