Жаҳон | 13:22 / 04.09.2020
25820
2 дақиқада ўқилади

Трамп Теҳронни эронлик таниқли спортчини қатл этмасликка чақирди

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон ҳукуматини эронлик таниқли спортчи Навид Афқарийга чиқарилган ўлим жазоси ҳукмини бекор қилишга чақирди. 27 ёшли курашчига Эрондаги норозилик намойишларида фаол иштирок этгани ва полицияни ўлдиргани учун иккита ўлим жазоси ҳукми чиқарилган.

Дональд Трамп ва Навид Афқарий

“Эрон етакчиларига юзланмоқчиман. Мен бу йигитнинг ҳаёти сақланиб қолиши ва у қатл этилмаслигини юқори баҳолаган бўлардим. Олдиндан миннатдорман!”, деб ёзган Трамп твиттерда. 

Трамп ўз хабарида курашчи Эрондаги “иқтисодий вазият ёмонлашаётгани”га қарши норозиликларда иштирок этганини таъкидлаб ўтган.

Афқарий бир қатор миллий ва халқаро мусобақалар совриндори ҳисобланиб, АҚШ президенти уни “буюк ва машҳур курашчи” деб атаган. 

Навид билан бирга унинг икки акаси ҳам ҳибсга олинган. Суд уларнинг барчасини ҳукуматга қарши гуруҳ шакллантириш, полициячини ўлдириш ва 2018 йил ёзида ўтган тартибсизликларда фаол иштирок этишда айбдор деб топган. Ўшанда мамлакатдаги иқтисодий вазият ёмонлашганига қарши ўтган оммавий норозиликлар қаттиққўллик билан бостирилган эди.

Аввалроқ собиқ курашчи иккита ўлим, 6 ойлик қамоқ ҳамда 74 марта қамчилаш жазосига ҳукм қилинган. Унинг акаси Воҳид 54,5 йиллик қамоқ ва 74 марта қамчилаш жазосига тортилган. Яна бир акаси Ҳабиб эса 27 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, унга 54 марта қамчилаш жазоси тайинланган. 

15 августда Эрон олий суди Навидга аввалроқ чиқарилган ўлим жазосини ўз кучида қолдирган. Маълумотларга кўра, Афқарийга бу жазо ҳукми 2018 йил сентбярда Широз шаҳрида полициячининг ўлдирилиши иши бўйича чиқарилган. АҚШ давлат департаментининг таъкидлашича, эронлик спортчи ҳибсга олингандан кейин қийноқларга солинган ва шундан кейин содир этмаган қотиллик учун жавобгарликни ўз зиммасига олган. 

Ака-укаларнинг онаси видеомурожаат ёзиб, унда ўғиллари устидан ўтказилган суд жараёнини “адолатсиз ва сохта” деб атаган.

Мавзуга оид