Жаҳон | 21:15 / 05.09.2020
8510
2 дақиқада ўқилади

Анқара Ўрта ер денгизида Россия билан иттифоқ тузиш эҳтимолига изоҳ берди

Фото: Anadolu

Туркия минтақада тинчлик таъминланиши учун барча мамлакатлар билан мулоқот қилишга тайёр, деди Туркия адолат ва тараққиёт партияси вакили Омер Челик.

Сиёсатчи Ўрта ер денгизининг шарқий қисмида Россия билан иттифоқчилик қилиш эҳтимолига изоҳ берди, деб хабар қилмоқда Анадолу агентлиги.

Челик Туркия НАТО аъзоси эканлигини ва альянс ҳар бир имкониятда Россия қиёфасида рақибни кўришини эслатиб ўтди.

«Россия бир неча йилдан буён Сурияда операциялар ўтказмоқда, НАТО блоки эса бу йиллар давомида Сурия низосини ҳал қилиш режасини ишлаб чиқмади. Москва Ливиядаги жараёнларда ҳам иштирок этяпти. НАТО эса Африка шимолидаги келишмовчиликларни ҳал қилиш бўйича таклиф билан чиқмаяпти. Бундан ташқари, Россия шарқий Ўрта ер денгизида ҳам ўйинчи ҳисобланади, альянс эса яна аниқ позицияни эгаллагани йўқ», - деди Челик.

Челикнинг айтишича, асосий муаммо НАТО блокининг ўзидаги қарама-қаршиликларда.

«Агарда Ўрта ер денгизи бўйича аниқ концепциянгиз борлиги ҳақида айтаётган бўлсангиз, у ҳолда нега минтақада Россиянинг таъсири кучаймоқда?», - деди сиёсатчи. 

Унинг сўзларига кўра, гап Туркиянинг Россия билан иттифоқ бўйича режаси бор-йўқлигида эмас, балки Россиянинг шарқий Ўрта ер денгизида бўлиши фонида Анқаранинг минтақада барқарорликни таъминлашга уринишида.  

Мавзуга оид