Ўзбекистон | 09:05 / 05.09.2020
59749
5 дақиқада ўқилади

IMEI ўзи нима ва у нега муаммо бўляпти? Вазирлик жавоб берди​

Ижтимоий тармоқларда чет элдан келган фуқаролар паспорт маълумотлари ўғирланиб, бошқа телефонларга uzimei'дан рўйхатдан ўтказилаётгани ҳақида шикоятлар кўпаймоқда. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вакили ушбу масала юзасидан Kun.uz саволларига жавоб берди.

Вазирлик матбуот котиби Шерзод Аҳмадовнинг қайд этишича, мобиль қурилмани рўйхатдан ўтказиш икки хил усулда амалга оширилади: Ўзбекистонга четдан кириб келган жисмоний шахсларда бўлган мобиль восита ҳамда ўрнатилган тартибда божхона назоратидан ўтган, мамлакатга юридик ташкилот томонидан тижорий мақсадларда импорт қилинган уяли алоқа воситалари қайдга олинади.

Рўйхатга олишда нега муаммо бўляпти?

«Куни кеча тарқаган хабарларга қараганда, айрим фуқаролар чет элдан қайтгач, уяли алоқа воситасини паспорти билан рўйхатдан ўтказа олмаган. Мобиль қурилмаларни Ўзбекистонга жисмоний шахслар ҳам олиб кириши мумкин, аммо унинг миқдори чекланган ва бу қонун билан тартибга солинади. Демак, ҳақиқатан четдан қайтганини тасдиқлаш орқали фуқаролар хориждан Ўзбекистонга олиб келган телефонларини рўйхатдан ўтказиши керак эди.

Юзага келган ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этдик. Негаки, шахсга оид маълумотлар учинчи шахс томонидан ноқонуний фойдаланилган бўлиши мумкин. Бу тергов-суриштирув жараёнида ойдинлашади», — дейди Аҳмадов.

Мобиль қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш нега керак?

Ҳукуматнинг тегишли қарори билан, Ўзбекистонда мобиль қурилмаларни ҳисобга олиш тизими жорий этилган. Ҳужжатга кўра, бундан кўзланган мақсад – «истеъмолчиларга сифатли мобил қурилмалардан фойдаланиш имкониятини яратиш, ички бозорни контрафакт маҳсулотларнинг олиб кирилиши ва сотилишидан ҳимоя қилиш ҳамда телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш» эди.

Шерзод Аҳмадовнинг билдиришича, рўйхатга олинган уяли алоқа восита йўқотилган ё ўғирланганда эгасининг сўрови асосида қурилма «қора рўйхат»га киритилиши мумкин. Яъни ўғирланган мобиль қурилмадан фойдаланишнинг техник имконияти йўқолади.

Мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини автоматик тарзда рўйхатдан ўтказиш 2019 йил 31 октябрига қадар бепул амалга оширилиши белгиланиб қўйилганди. Бунга қадар, тизим оператори томонидан автоматик тарзда мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш амалга оширилиб келинган.​​ 2019 йил 1 декабрга қадар бепул, аммо мажбурий рўйхатдан ўтказиш тадбири бўлиб ўтди. Шундан сўнг, уяли алоқа воситасида SIM-карта фаоллаштирилгандан бошлаб 30 кун ичида қурилмани ҳисобга қўйдириш БҲМ 20 фоиз​дан (44 600 сўм) тўлов ундирила бошланди.

Ушбу муддатдан сўнг қурилмалар IMEI-кодларини UZIMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш учун 25 фоиз БҲМдан (55 750 сўм) тўлов амалга ошириш керак бўлади.​

Тўлов нега керак?

Феълан солиқ, мажбурий йиғимга ўхшаш тўлов ҳукумат қарорига мувофиқ, республика телекоммуникация инфратузилмасини, шу жумладан қишлоқ ва чекка аҳоли пунктлари, туристик ва рекреацион ҳудудларда ривожлантириш лойиҳаларини, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ давлат органларида амалга оширилаётган ахборот-коммуникация технологиялари жорий этиш лойиҳаларини мақсадли молиялаштириш учун Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.

Вазирлик қошидаги «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» ДУК ​матбуот котиби Зилола Иноятова баёнотига кўра, тўловнинг айнан 44 минг сўм атрофида этиб белгиланишида «республика иқтисодий сиёсатини инобатга олинган».

​​«Тизимни жорий этиш ва унинг ишлашини таъминлаш учун белгиланган миқдорда сарф-харажатлар қилинган. Келиб тушаётган маблағнинг айрим қисми ушбу харажатларни қоплашга йўналтирилган. Шунингдек, UZIMEI тизимини техник жиҳатдан ривожлантириш, тўлов тизимларини жорий этиш учун қилинган харажатларни қоплаш, «Ўзбекистон почтаси» АЖ хизматларига, мижозларга хизмат кўрсатаётган ходимларга ойлик тўлаш талаб қилинади», — деган у.

Аҳоли тўловдан норози бўлган

Жорий йил февралда «Менинг фикрим»​ жамоавий мурожаатлар порталида мобиль қурилмaлaрнинг IMEI-кодлaрини рўйхaтдaн ўткaзишни соддaлaштириш ҳақида петиция эълон қилинди.

Мурожаатда жисмоний вa юридик шaхслaрдaн мобил қурилмaлaрнинг IMEI рaқaмлaрини рўйхaтгa олиш учун aҳолидaн ундирилaдиган тўловлaрни бекор қилиш вa рўйхaтгa олишни янада соддaлaштириш тартибини жорий этиш сўралганди.

Етарлича овоз тўплаган петиция парламент депутатлар томонидан ўрганиш бошланганди. Ишни ўрганувчи гуруҳ таркибида фаолият юритган депутат Дониёр Ғаниев Telegram-каналида мобиль қурилмани ҳар ким йилда бир марта бепул ҳисобга қўйдириш ҳуқуқига эга бўлиш керак, дея муносабат билдирганди. Аммо парламент ўрганиши қандай якунлангани ҳақида ахборот йўқ.

Алишер Рўзиохунов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов.

Мавзуга оид