Жаҳон | 20:06 / 06.09.2020
18295
2 дақиқада ўқилади

Японияга “Хайшэн” супертўфони ёпирилди

Япон метеорологлари яқинлашаётгани ҳақида 3 кун аввал огоҳлантирган “Хайшен” супертўфони Япониянинг жанубий префектураси Окинавага ёпирилди. Тўфон ўз ортидан кучли ёмғир ва шамоллар олиб келмоқда. 

Фото: REUTERS / Kyodo

Kyodo ахборот агентлигининг маълум қилишича, бир неча киши жабрланган. Ҳозирда тўфон 35 км/соат тезлик билан шимол томон йўналмоқда ва Кюсю оролидаги учта йирик префектурага хавф солмоқда. Ундаги шамол кучи 234 км/соатгача етмоқда. Тўфон Окинавага етиб келганда ундаги шамол тезлиги 182 км/соатни ташкил қилган. 

Тўфон 7 сентябрда Корея яриморолига етиб бориши кутилмоқда. Бу “Майсак” тўфонидан кейин охирги кунларда яриморолга ёпирилаётган иккинчи кучли тўфон бўлади. “Майсак” Жанубий Корея, Шимолий Корея ва Россиянинг Приморье ўлкасига анчагина талафот етказди.

Метеорологлар “Хайшэн”ни Японияга 1959 йилнинг сентябрида катта талафотлар етказган “Вери” супертўфонига қиёслашмоқда.

7 сентябрда Кюсю оролининг жанубий ҳудудларида 50 смгача ёғингарчилик тушиши кутилмоқда. Япония ҳукумати тўфон йўлида жойлашган ҳудудлардаги 3 млндан кўпроқ аҳолини хавфсиз жойларга вақтинчалик кўчиб ўтишга чақирган.

Ёмон об-ҳаво шароити сабабли кўплаб компаниялар ўз фаолиятини вақтинча тўхташини эълон қилган. Жумладан, Canon компанияси Кюсю оролидаги 7 та заводида ишни тўхтатишини эълон қилган. Худди шундай чоралар ҳақида Toyota, Daihatsu Motor, Sony компаниялари маълум қилган. Шунингдек, Japan Airlines ва All Nippon Airways авиакомпаниялари рейсларнинг бир қисмини бекор қилади. 

Бундан ташқари, Кюсю оролида 7 сентябрда темир йўл транспорти, жумладан Sanyo Shinkansen тезюрар поезди ўз ишини тўхтатиши кутилмоқда. Шунингдек, бир нечта савдо тармоқлари, жумладан Seven-Eleven Japan, FamilyMart, Lawson ўз дўконлари ёпилиши ёки иш вақти қисқартилишини эълон қилган.     

Мавзуга оид