Иқтисодиёт | 14:25 / 07.09.2020
14842
2 дақиқада ўқилади

«1-2 ойда пул оқими изига тушиши кутилмоқда» – Марказий банк

Карантин чоралари юмшатилгандан сўнг банкларга нақд пул тушумлари ошган.АОКАда пандемия шароитида иқтисодиётни тиклаш мавзусига бағишланган матбуот анжуманида Ўзбекистонда пул оқимининг ҳолати хусусида сўз борди.

Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроевнинг сўзларига кўра, яқин 1-2 ойда Ўзбекистонда пул оқими кўрсаткичлари ўз ўрнига тушиши кутилмоқда.

«Коронавирус пандемияси негизидаги иқирозда пул оқимида тўхташ бўлди. Бошқа инқирозларда ёки талаб, ёки таклиф тўхтаб қолар, булардан бирини кучайтириш орқали муаммога ечим топиш мумкин бўларди. Аммо ҳозирги ҳолатда пул оқимида узилишлар бўлди. Шунга қарамай, банкоматларни доимий назорат қилиш орқали аҳолини нақд пул билан узлуксиз таъминлашга ҳаракат қилинди.

15 августда карантин чоралари юмшатила бошлангач, банкларга нақд пул тушумлари ошяпти. Бир-икки ойда бу бўйича барча кўрсаткичлар ўз ўрнига тушиши кутилмоқда», дея Ҳамроевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Марказий банк вакили пандемия шароитида «Ҳар бир оила – тадбиркор» давлат дастурининг ижроси бўйича маълумот берди.

«Йил бошида «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури учун 4 трлн сўм ажратиш режалаштирилган, маблағлар асосан сўндирилган қарздорликлар ҳисобидан йўналтириши назарда тутилган эди.

Пандемия туфайли кредитларни тўлаш кечиктирилгани сабаб, дастурга яна қўшмча 2 трлн сўм йўналтирилди. Дастур доирасида йил охиригача 5,5 трлн сўм аҳолига ажратилади», дея таъкидлади Беҳзод Ҳамроев.

Қайд этилишича, корхоналарнинг узлуксиз ишлаши учун уларни айланма маблағ билан таъминлаш мақсадида 30 трлн сўм револвер кредитлари ажратилган бўлиб, ўтган саккиз ойда 20 трлн сўм корхоналарга берилган.

Мавзуга оид