Жаҳон | 17:27 / 07.09.2020
11000
2 дақиқада ўқилади

Лондон 30 млн доза COVID-19 вакцинасига буюртма берди

Соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Хэнкокнинг сўзларига кўра, Лондон бошқа ишлаб чиқарувчилардан ҳам вакцинадан фойдаланиш "ҳали маъқулланмай туриб" аллақачон сотиб олган.

Фото: Reuters

AstraZeneca Англия-Швеция фармацевтика компанияси Буюк Британия ҳукумати буюртмасига биноан 30 млн доза COVID-19 вакцинасини ишлаб чиқаришга киришди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Хэнкок маълум қилди.

"Биз AstraZeneca билан 30 млн доза вакцинага шартнома туздик ва улар вакцина маъқуллангунига қадар уни ишлаб чиқаришни бошлайди", - деди Хэнкок LBC радиоси эфирида.

Унинг қўшимча қилишича, вакцинадан фойдаланиш тасдиқланиши билан Буюк Британия вакцинани бозорга чиқаришга тайёр бўлади.

"Энг яхши ҳолатда бу шу йил юз беради. Ўйлашимча, келгуси йил бошида бўлиши эҳтимоли кўпроқ", - деб қўшиб қўйди у.

Хэнкокнинг сўзларига кўра, Лондон бошқа ишлаб чиқарувчилардан ҳам вакцинадан фойдаланиш "ҳали маъқулланмай туриб" аллақачон сотиб олган.

AstraZeneca вакцина ишлаб чиқиш билан Оксфорд университети билан ҳамкорликда шуғулланган. Ҳозирча вакцинадан фойдаланиш маъқулланмаган. Буюк Британия, Бразилия ва Жанубий Африкада вакцинанинг клиник синовлари давом этмоқда.

Мавзуга оид