Ўзбекистон | 21:52 / 09.09.2020
36878
2 дақиқада ўқилади

«UzIMEI иши»: Давлат божхона қўмитаси жиноий гуруҳ фош этилганини маълум қилди

Давлат божхона қўмитаси мобиль қурилмаларни UzIMEI тизимида ноқонуний рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келган жиноятчилар аниқлангани ҳақида хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу жиноий гуруҳ рўйхатдан ўтмаган мобил қурилмаларни Ўзбекистон чегараси орқали ҳаракатланган фуқароларнинг номларига ноқонуний йўллар билан рўйхатга қўйиш, шахсларга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиб, сақлаб, улардан ғаразли ниятларда фойдаланиб келган.

«Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароси О.А. шериклари М.Б. ва Т.Р.лар билан тузган ўзаро жиноий режага кўра қўшни давлатларга ўтишиб, у ерда Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспорт маълумотларини телефон ёрдамида расмга тушириб, Telegram тармоғи орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобиль қурилмаларни UzIMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келишган.

Биргина фуқаро Б.М.нинг уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганида, телефон хотирасида Ўзбекистон фуқароларининг 200га яқин паспорт расмлари борлиги, у ушбу паспорт маълумотларни йиғиб, жиноий шериги О.А.га етказиб бергани учун ҳар бир паспортга 5 АҚШ доллардан ҳақ олгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1412-моддасининг        2-қисми «а» ва «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди», – дейилади Давлат божхона қўмитаси ахборотида.

Хабарда уч нафар айбланувчи ҳақида маълумотлар келтирилмаган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда мобил қурилмаларни UzIMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш шов-шувли масалага айланган эди. Хориждан келган кўплаб фуқаролар ўзлари билан олиб келган мобил телефонларини рўйхатдан ўтказмоқчи бўлганида, уларнинг номига аллақачон бошқа мобил қурилмалар UzIMEI тизимидан рўйхатдан ўтказилгани маълум бўлаётганди.

Мавзуга оид