Жаҳон | 01:11 / 10.09.2020
8592
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг машҳур компанияси Европанинг энг бой одами билан судлашмоқчи

Фото: Shutterstock

АҚШнинг заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчи Tiffany компанияси Европанинг энг бадавлат одами Бернар Арнога тегишли Louis Vuitton Moet Hennessy (LVMH) компанияси билан судлашмоқчи. Tiffany’да таъкидланишича, можарога сабаб LVMH АҚШ брендини 16 млрд доллардан кўпроққа сотиб олиш бўйича битимни ёпишдан бош тортгани ҳисобланади.

LVMH’нинг бу қарори ҳақида 9 сентябрда маълум бўлган. Компания ўз баёнотида 2019 йилда тузилган битим 2020 йил 24 ноябрдан кеч муддатда ёпилмаслиги кераклигини маълум қилган. Бироқ Франция ҳукумати АҚШ билан савдо уруши эҳтимоли юз бериши мумкинлиги сабабли битимни 2021 йил 6 январгача қолдириб туришни итимос қилган. Tiffany эса битим ёпилишини 31 декабрга кўчиришни сўраган. LVMH’да эса юзага келган шароитда бирлашиш бўйича битимни якунлай олмасликлари маълум қилинган.

Tiffany’нинг АҚШнинг Делавэр штати судига берган шикоятида бренд LVMH томонидан келишув шартлари бажарилишини талаб қилмоқда. АҚШ компаниясида таъкидланишича, бирлашиш якунланишига 3 ойдан камроқ вақт қолган бўлса-да, француз концерни ҳанузгача монополияга қарши идораларга бирлашиш ҳақидаги битимни маъқуллаш учун расмий ариза топширмаган. Financial Times нашри манбаларига кўра, Tiffany LVMH нархни тушириш учун атайлаб битим якунланишини тўхтатганини исботламоқчи.

Йирик битим барбод бўлгани ҳақидаги хабарлар ортида Tiffany акциялари нархи 8 фоизга тушиб кетган. 

Мавзуга оид