Жаҳон | 10:07 / 05.04.2023
17317
2 дақиқада ўқилади

Forbes: Бернар Арно дунёдаги энг бой одамлар рўйхатида етакчига айланди

Мода ва косметика соҳасидаги француз тадбиркори Бернар Арнонинг бойлиги Forbes томонидан 211 миллиард долларга баҳоланган.

Фото: Bloomberg

Бернард Арно - француз тадбиркори, 75 та мода ва косметика брендларини, жумладан Louis Vuitton ва Sephora'ни бирлаштирган LVMH гуруҳи раҳбари, Forbes журнали маълумотларига кўра, дунёдаги энг бой одам ҳисобланади. Нашр томонидан 4 апрел, сешанба куни чоп этилган 2023 йилнинг тегишли рейтингида айнан у етакчилик қилмоқда. Forbes Арно ва унинг оиласининг бойлигини 211 миллиард АҚШ долларига (193 миллиард евро) баҳолаган.

Бу рўйхатда иккинчи ўринда SpaceX ва Tesla компаниялари асосчиси, америкалик тадбиркор Илон Маск 180 миллиард АҚШ доллари (164 миллиард евро) бойлиги билан қайд этилган. Учинчи ўринда - 114 миллиард доллар (104 миллиард евро) билан Amazon раҳбари Жефф Безос.

Microsoft асосчиси Билл Гейтс олтинчи ўринни эгаллади. Forbes унинг бойлигини 104 миллиард АҚШ доллари (95 миллиард евро) деб баҳоламоқда.

Рўйхатга россиялик 100 дан ортиқ миллиардер киритилган. Forbes маълумотларига кўра, энг бой россиялик «Еврохим» компанияси эгаси Андрей Мелниченко (рейтингда 58-ўрин). Журнал унинг бойлигини 25,2 миллиард АҚШ долларига (23 миллиард евро) баҳоламоқда. 62-ўринни эгаллаган Владимир Потанин 23,7 миллиард долларлик (21,6 миллиард евро) активга эга. НЛМК эгаси Владимир Лисин 22,1 миллиард доллар (20,1 миллиард евро) бойликка эга ва 70-ўринда жойлашган.

Forbes дунёнинг барча миллиардерлари умумий бойлигини 12,2 триллион доллар (11,14 триллион евро) деб баҳолайди. Бу 2022 йил март ойига нисбатан 500 миллиардга кам.

Мавзуга оид