12:02 / 15.09.2020
11394

Бухорода кўп миқдорда содир этилган ўғрилик жинояти фош этилди 

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

2020 йилнинг 20 август куни соат 03:00дан 08:00гача бўлган вақт оралиғида номаълум шахс 40 ёшли А.Х.нинг Бухоро вилояти Ғиждувон тумани “Ф.Юнусов” МФЙ Пахтакор кўчасидаги уйига ғайриқонуний равишда кирган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у уй ётоқхонасида бўлган сандиқ ичидан 87 150 000 сўм нақд пулларини ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди (кўп миқдорда содир этилган ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши юзасидан олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида, мазкур жиноятни муқаддам ўғрилик жиноят содир этганлик учун судланган 24 ёшли А.А. содир қилинганлиги аниқланган. 

Тергов жараёнида жабрланувчи А.Х.нинг жияни, вояга етмаган 17 ёшли М.А. қариндошининг уйда кўп миқдорда пул борлиги тўғрисида А.А.га хабар берганлигини, А.А. эса мазкур хабарга кўра жиноятни содир этганлиги аниқланган, А.А.дан ашёвий далил тариқасида 44 913 000 сўм пуллар ўрнатилган тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Жиноят иши бўйича А.А. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. М.А.нинг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш чоралари кўрилмоқда.

Top