Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Bild: Гелзенкирхендаги банкдан 100 млн евродан ортиқ пул ўмарилган
Германия тарихидаги энг йирик ўғрилик давомида Гелзенкирхендаги Sparkasse банкида жиноятчилар 100 миллион евродан ортиқ маблағни ўмарган, деб ёзмоқда Bild. Аввалроқ зарар миқдори 10 миллиондан 90 миллион еврогача деб баҳоланган эди.
Фото: AP
Германия тарихидаги энг йирик ўғриликлардан бири ҳисобланган Гелзенкирхендаги Sparkasse банки филиалидаги ҳолат пайтида жиноятчилар 100 миллион евродан ортиқ маблағни қўлга киритган. Бу ҳақда немис таблоиди Bild жума куни, 2 январда ёзди. Аввалроқ зарар миқдори 10 миллиондан 90 миллион еврогача деб баҳоланган эди.
Bild қайд этишича, банкдаги 3250 та ячейканинг 90 фоизи бузиб очилган. Ҳар бир ячейка 10 300 еврогача миқдорда суғурталанган.
Германиянинг ғарбида жойлашган Гелзенкирхен шаҳрида 29 декабр куни Sparkasse банкининг бўлими ўмарилган қилинган. Жиноятчилар банк ячейкалари жойлашган хона билан унга туташ автотураргоҳ орасидаги бетон деворни тешиб, омборхонага кирган.
Bild газетасига кўра, аввал зарар тахминан 30 миллион евро деб баҳоланган. Терговчиларга таянган dpa агентлиги ҳам шунга яқин рақамни келтирган. Associated Press эса Гелзенкирхен полициясига таянилган ҳолда зарар 10 миллиондан 90 миллион еврогача бўлиши мумкинлигини ёзган. Бироқ аниқ ҳисоблаш қийин, чунки ячейкаларда сақланган нарсалар кўпинча сир бўлади.
29 ва 30 декабр кунлари банк биноси олдига норози мижозлар тўпланган. Кўпчилиги ўз йўқотишлари суғурта қоплайдиган миқдордан анча юқори эканини айтган. Ҳозирча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жиноятчиларни топа олмаган. 1 январда dpa полиция вакилига таянилган ҳолда терговда “жиддий бирорта ҳам из йўқ”лигини хабар қилган.
Германия ғарбида, Билефелд яқинида жойлашган Галле шаҳарчасида ҳам Sparkasse бўлимидаги тўртта банк сейфи бузиб очилган. Қайд этилишича, бу 30 декабр куни кундузи — банк очиқ пайтда содир бўлган. Полиция гумонланувчи ёки гумонланувчилар сейфлар жойлашган хонага куч ишлатмасдан кирган, деб ҳисобламоқда.
Бонннинг марказидаги Sparkasse бўлимидан эса 17 декабр куни, General-Anzeiger газетаси маълумотига кўра, қиймати тахминан 2,2 миллион евро бўлган 20 килограмм олтин ўғирланган. Чоршанба, 31 декабр куни полиция воқеа юзасидан тергов олиб бораётганини тасдиқлаган, аммо тафсилотларни келтирмаган. Ушбу барча ҳодисалар рўй берган Шимолий Рейн – Вестфалия ери ҳокимияти ҳам тергов жараёни бўйича маълумот бермаган.
Мавзуга оид
14:03
Германияда Сурияга депортация ғояси баҳсга сабаб бўлди
11:20
Германияда сўнгги кунларда банклар учинчи марта ўмарилгани хабар қилинди
14:47 / 02.01.2026
Германия томонидан тўланган икки Patriot ЗРК Украинага етказилди
13:44 / 02.01.2026