Жаҳон | 13:44 / 02.01.2026
3604
3 дақиқада ўқилади

Германия тарихидаги йирик ўғрилик: полицияда ҳали ҳам “жиддий из” йўқ

Германиянинг Гелзенкирхен шаҳрида банк ўмарилганидан уч кун ўтиб ҳам полицияда ўғриларни топишга олиб келиши мумкин бўлган “бирорта ҳам жиддий” из йўқ. Зарар 90 млн еврогача етиши мумкин — бу ГФР тарихидаги энг йирик ўғирликлардан бири.

Фото: REUTERS

Германия ғарбидаги Гелзенкирхен шаҳрида банк ўмарилганидан уч кун ўтиб, полиция бу жиноят бўйича ўнлаб хабар-ахборотларни қабул қилган. Бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари ҳозирча ўғриларни топишга ёрдам бериши мумкин бўлган “бирорта ҳам жиддий” изга эга эмаслигини тан олмоқда. Бу ҳақда 1 январ, пайшанба куни dpa агентлиги полиция вакилига таяниб хабар берди.

У, шунингдек, тергов тактикаси сабаб айрим фактлар ҳозирча ошкор қилинмаслигини айтди ва ҳамкасблари иш бўйича барча мумкин бўлган маълумотларни тўплашда давом этаётганини таъкидлади.

Шу орада, Sparkasse банкининг филиали 2 январ куни ҳам ёпиқ қолади. Германияда бу сана янги йил байрамларидан кейинги биринчи иш куни ҳисобланади. Бу ҳақда банк вакили маълум қилиб, барча саволлар бўйича “ишонч телефони”га мурожаат қилишни тавсия этган.

Хавфсизлик хизмати 29 декабр тонгида ёнғин сигнализацияси ишга тушганидан сўнг ўғриликни пайқаган. Жиноятчилар ёндош тураргоҳ томондан деворни тешиб, банк хазинасига кирган. ОАВ маълумотларига кўра, пул, олтин ва бошқа қимматбаҳо буюмлар сақланган тахминан 3200 та банк сейф-ячейкалари бузиб очилган. Зарар миқдори 10 млн евродан 90 млн еврогача деб баҳоланмоқда. Аниқ рақамни айтиш ҳозирча қийин, чунки ячейкалар ичида нима сақлангани кўп ҳолларда махфий бўлган. Бу ўғрилик ГФР тарихидаги энг йирикларидан бири деб аталмоқда.

Гувоҳлар 28 декабр кечқурун кўп қаватли парковканинг зинапоясида катта сумкалар кўтарган эркакларни кўрганини айтган. Кузатув камералари ёзувлари эса эртаси куни тонгда парковкадан қора рангли Audi RS 6 чиқиб кетганини кўрсатган — машинадаги шахслар ниқобда бўлган. Автомобилнинг давлат рақами олдинроқ Ҳанноверда ўғирлаб кетилган. Полицияда ўғриларнинг ҳаракатлари “жуда профессионал” деб баҳоланган.

29 ва 30 декабр кунлари банк филиали биноси олдига норози мижозлар тўпланган. Кўпчилиги ўз йўқотишлари суғурта миқдоридан анча юқори эканини билдирган. Sparkasse томонидан айтилишича, ҳар бир сейф 10 300 еврогача суғурталанган. Жами тахминан 2700 киши жабр кўрган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид