Иқтисодиёт | 12:40 / 15.09.2020
15566
10 дақиқада ўқилади

«Ҳали ёмони олдинда». Европа иқтисодиёти корона-инқироздан қандай чиқмоқда?

Европаликлар коронавирус пандемиясининг биринчи тўлқинини америкаликларга қараганда тезроқ енгиб ўтишди, бу дунё иқтисодиётида ҳажм борасида иккинчи ўринда турувчи Европа Иттифоқига сўзсиз етакчи - АҚШ билан ўртадаги фарқни ёпиш имкониятини беради. Кўҳна қитъа мамлакатлари бирин-кетин ғамгин баҳо ва прогнозларини қайта кўриб чиқишмоқда ва тикланиш борасида ҳисобот беришяпти, аммо иқтисодчилар бу сакраш вақтидан аввал ташланган қадам бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Фото: EPA

Сиёсатчи ва амалдорлар статистика билан бир-бирларига мақтанишяпти: ишлар аввал фараз қилинганчалик ёмон эмас. Айни пайтда, иқтисодчилар етакчи кўрсаткичларни хавотир билан расшивровка қилиб, хулосалар чиқаришяпти: ишлар кутилганидан ҳам ёмонроқ бўлади. Улар бир неча ой давом этган локдаун тўғонидаги тешиклар орқали зўр бериб кўтарилган ишбилармонлик ҳаётининг бўронли оқими қандай қилиб тезда ўз кучини йўқотиб, оддий ботқоққа айланишини кўришмоқда. 

Баҳорги карантиндан чарчаган европаликлар ёзда сочларини қирқишди, таътилга чиқишди, ресторанларга ва саёҳатларга боришди. Иқтисодиёт қайта тикланди, сўнгра вирус ҳам қайтди ва янги локдаун эҳтимолини уйғотди. Расмийлар бунга жавобан янги чекловларни жорий қилишди ва истеъмолчилар яна каталакларига қамалиб қолишди: таътил тугади, болалар мактабга қайтишди ва бунинг оқибати номаълум. Туризм каби баъзи саноат тармоқлари эса ҳали ҳам кома ҳолатида. 

«Баҳорги шўнғишдан кейинги қайтган куч кузгача етади, аммо сўнгги маълумотлар ташвишли аҳволни тасвирлаяпти: қайта тикланиш ғайрати деярли тугаган», дейди ҳар ой Европадаги 5 мингта фирма ўртасида сўров ўтказиб, бизнес кайфиятини ўрганувчи IHS Markit бош иқтисодчиси Крис Уильямсон. 

Oxford Economics тадқиқотчилари муқобил хулосага келишди.

«Тикланиш биринчи босқичда кучли эди, аммо август ойида асосий мамлакатларда Covid-19 ҳолатлари сонининг кўпайиши билан ўсиш суръатлари барқарорлаша бошлади. Сўнгги ҳафталарда у деярли тўхтаб қолган», деб ёзмоқда улар ва йилнинг сўнгги чорагида (октябрь-декабрь) европаликлар бизнес, аҳоли ва хазинанинг баъзи вирусли йўқотишларини қайтариб олишга умид қилган тахминларнинг ёмонлашишини башорат қилишмоқда. 

Пессимистлар статистик маълумотларга эмас, балки одамларнинг ҳаракатланиши ва метрополитен, йўллар, ресторанлар ва кинотеатрларнинг тирбандлиги тўғрисидаги катта маълумотлар тўпламлари таҳлиллари ва сўровномаларга таянишган. Бундай «юмшоқ» кўрсаткичлар, айниқса, вазият шиддат билан ва кутилмаган даражада ривожланиб бораётган инқирозли даврда жуда машҳур бўлиб, бундан икки-уч ой аввалги статистик ўлчовлар бўйича йўл танлаш маъносиз бўлиб қолди.

Энди бу «юмшоқ» кўрсаткичлар истеъмолчилар ва ишчиларнинг одатий ҳаётга қайтиши инфекциянинг кучайиши ва янги чекловлар туфайли узилишлар билан давом этаётганини кўрсатмоқда, Европа мамлакатлари ҳукумати эса бу куз ва қишда умумий локдаундан қандай йўл билан бўлса-да қочиш умидида ушбу қўшимча чораларни жорий этишмоқда. 

Зомби инкубатори
Пессимизмнинг иккита асосий сабаби бор. Биринчидан, коронавируснинг иккинчи тўлқини хавфи. Иккинчидан, давлатнинг улкан кўмаги камайиши хавфи. 

Барселона пляжлари ҳувиллаб қолган. Туризм каби бир қанча соҳалар инқироздан чиқишни бошлай ҳам олмади / REUTERS

ЕИ мамлакатлари бизнес ва фуқароларга 5 триллионга яқин евро ваъда қилган. Бу ҳатто ўта бой Европа Иттифоқи учун ҳам жуда катта миқдордаги маблағ ҳисобланади - йиллик ЯИМнинг учдан бир қисмидан кўпроғи. 

Ушбу харажатлар туфайли Европа ишсизлик, оммавий банкротлик ва ундан ҳам каттароқ иқтисодий таназзулнинг олдини олишга муваффақ бўлди.

Кўпгина мамлакатлардаги ҳукуматлар локдаун даврида қисқартиришга тушган ходимлар ўз иш жойидан ҳайдалмаслиги учун уларнинг маошини бюджет ҳисобидан тўлашга рози бўлди. Статистика бу чалкашликни яхши акс эттиради: иккинчи чоракдаги инқироз даврида ЕИнинг 27 мамлакатида иш билан бандлик 3 фоизга, ишланган соат сони эса 13 фоизга камайди, дейилади Евростат хабарида. 

Германия сингари баъзи давлатлар ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланишни ҳеч бўлмаганда яна бир йил давомида қисқартирмасликка ваъда беришмоқда, бошқа камбағалроқ мамлакатлар бу юкдан халос бўлишга шошилишяпти. Уларнинг харажатлари ўсиб бормоқда ва еб битирилмоқда. Истиқболли келажакка сармоя киритиш ўрнига, улар бўлажак авлодлар учун қарз қолдиришяпти. 

Иқтисодиётнинг умумий ишлаб чиқариш унумдорлиги эса бутун саноат тармоқларининг субсидияли ишламай қолиши билан пасайиб кетади, бу тикланишни фақат секинлаштиради ва солиқ тўловчилар қонини сўрадиган «зомби бизнеси»ни келтириб чиқаради. 

Бундай шароитда на бу ва на келаси йил биз пандемиягача бўлган ҳажмига қайтишга ва иқтисодий ўсишга умид боғлаш мумкин эмас, дея огоҳлантирди Германиянинг энг йирик Deutsche Bank банки раҳбари Кристиан Зевинг. 

«Инқирозга қарши ҳукумат кўмаги ва деярли кечиктирилган банкротликлар мамлакатдаги ҳар олтинчи компанияни зомбига айлантириши мумкин. Бунинг оқибатлари жиддий бўлади», деди у сентябрь ойида бўлиб ўтган Handelsblatt банк конференциясида.

Банкирлар «зомбилар» субсидияларни йўқотиши биланоқ, улар банкрот бўлишлари ва кредитлар учун тўловларни тўхтатиб қўйишларидан қўрқишади. Германия банкларини назорат қилувчи молиявий регулятор BaFin уларнинг хавотирлари билан ўртоқлашади. 

«Биз бундан унчалик осон чиқмаймиз, бу аниқ. Энг ёмони ҳали олдинда», деди BaFin раҳбари Феликс Ҳуфельд.

Метролар ҳали-бери аввалгидек гавжум бўлмайди / REUTERS

У вазият ёмонлашган вазиятда банклар ва молия компанияларининг тахминан 20-30 фоизининг барқарорлигига шубҳа қилмоқда, дея Ҳуфельднинг сўзларини келтиради Reuters. 

Агар тушумларсиз инқироз туфайли банклар қулай бошласа, иқтисодий инқирозга 2008-2009 йилларда дунёни ларзага солган молиявий инқироз қўшилади. 

Ўша «катта таназзул»дан кейин етакчи иқтисодиётлар тикланиши учун камида 5-7 йил вақт кетди, ишсизлик эса инқирозгача бўлган даражага 9 йилдан кейингина қайтди. Ҳозирги инқироз улканроқ: урушдан кейинги юз йилликдаги энг даҳшатли ҳолатга айланади.

Йўқотилган ўн йил
Иқтисодий ўсишдаги инқирозли танаффус дунёни бир неча қадам орқага қайтаради, бир неча йил, ҳатто ўнлаб йиллар беҳуда кетади. Етиб олиш учун янада тезроқ югуриш керак - муаммо ҳам шунда. 

Дунё ҳар бир кейинги инқироздан кейинроқ ва янада кейинроқ чиқади, деб ҳисоблашади олимлар. Ўртача ҳолатда йирик молиявий зарбалардан беш йил ўтгач ривожланган мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти, ўсиш инқирозда танаффуссиз давом этганда ҳам, тахминан 9 фоизга кам. 

ЯИМ пасайиши - яъни ишлаб чиқариш, истеъмол, сармоялар ва экспортнинг умумий ҳажми - қашшоқликнинг кучайиши, жамиятнинг табақаланиши ва ижтимоий, сиёсий ва халқаро кескинликларга таҳдид соладиган ҳаёт сифатининг ёмонлашишини ўз ичига олади.

Шунинг учун Европада тикланиш тезлиги дунё учун жуда муҳимдир, чунки ЕИ сайёрадаги асосий ва энг бой бозор ҳисобланади: деярли ярим миллиард киши ва йилига 14 триллион долларлик маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш.

Иқтисодиёт яна ортга қайтиши ва касаллик ҳолатлари ўсиши болалар мактабга қайтишидан олдин бошланганди. Буёғига нима бўлади?

Аммо ҳозирча, Европа жонланишга улгурмай, заифлашмоқда.

Бу айниқса ЕИ иқтисодиётининг энг катта улушига тўғри келадиган муҳим хизмат кўрсатиш соҳасида сезилади. Шунингдек, санитария меъёрлари ва тақиқлари қатъий бўлган мамлакатларда, хусусан, Италия ва Испанияда буни кузатиш мумкин, деб таъкидлайди IHS Markit вакили Крис Уильямсон. 

Бошқа томондан, кучли саноат ва экспортга эга мамлакатлар глобал талабнинг тикланишидан фойда кўряпти. Яқинда Германия жорий йил прогнозларини бироз яхшилаб олди ва энди ЯИМнинг 5,8 фоизга қисқариши кутилмоқда, ЕИ иқтисодиёти эса умумий ҳисобда рекорд даражада 8,3 фоизга пасайиши кутиляпти. 

Франция ҳам прогнозни яхшилашга тайёрланмоқда, деб ватандошларини руҳлантирди молия вазири Брюно ле Мэр. Бироқ, унинг қўли остидагилар қувонишга ҳали эрталиги ҳақида огоҳлантиришди. 

«Иқтисодий тикланиш чекловлар бекор қилинганидан кейинги иккинчи чорак охирида қайд этилди, аммо ҳозирги кундан бошлаб йил охиригача унинг суръати пасаяди», деб хабар берди Франциянинг Insee статистика агентлиги сўнгги таҳлилида. 

Натижада, июль-сентябрь ойларидаги «асосан техник» 17 фоиз ўсишга қарамай, кузнинг ўрталарига келиб иқтисодиёт инқирозгача бўлган даврдан 5 фоизга кам бўлади.

«Техник» бўлса ҳам, 17 фоизлик чораклик ўсиш  таъсирлантирган бўларди - агарки бир ой аввал Insee 19 фоизга ваъда қилмаганда. Бу эса прогнозни ёмон томон тарафдан қайта кўриб чиқишнинг ягона ҳолати эмас.

«Инқирозгача бўлган даражага тез қайтиш, айримлар ўйлаганидек амалга ошадиган иш эмас. Яқин ойларда тезлашишнинг барча оддий рецептлари тамом бўлгани ойдинлашади ва иқтисодиёт секинлашади», дея Германиянинг Landesbank Baden-Württemberg банки иқтисодиётчиси Йенс-Оливер Никлашнинг сўзларини келтиради Reuters агентлиги.

Расмийлар буни тушунишади ва иқтисодиётни зўриқтирмоқчи эмас. Ўтган ҳафта Европа Иттифоқининг 19 давлати молия вазирлари февраль ойидан буён биринчи марта юзма-юз учрашишди ва инқирозга қарши харажатларни камайтирмасликка келишиб олишди.

«Иқтисодиёт бюджет маблағлари билан қўллаб-қувватланиши давом эттирилади, бу борада ҳеч қанақа тўхташ кўзда тутилмаяпти», деди Еврогуруҳ йиғилишидан кейин унинг раиси, Ирландия молия вазири Паскаль Донохью.

Мавзуга оид