00:41 / 16.09.2020
8617

Россия Ўзбекистонга янги элчи тайинлайди - ОАВ

Фото: migrant.ru

Россия ташқи ишлар вазирлигининг хориждаги ватандошлар билан ишлаш департаменти бошлиғи Олег Мальгинов Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси лвозимига тайинланади. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги Россия давлат думасидаги манбага таяниб хабар берди. 

“Мальгинов Ўзбекистонга элчи этиб тайинланмоқда. Ўзбекистон биз учун стратегик муҳим давлат ҳисобланади”, деб таъкидлаб ўтган манба.

Айни вақтда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимини 2009 йил ноябрдан бери Владимир Тюрденев эгаллаб келмоқда.

Маълумотларга кўра, Мальгинов дипломатия соҳасида 1979 йилдан бери фаолият юритиб келади. 1979-1983 йиллар давомида собиқ иттифоқнинг Ҳиндистондаги элчихонасида ишлаган. 1993 йилгача эса аввал собиқ иттифоқ, кейинчалик эса Россия ташқи ишлар вазирлигининг инсон ҳуқуқлари департаменти раҳбари ўринбосари лавозимини эгаллаган. 

Мальгинов 1994 йилдан 1999 йилгача Россиянинг БМТдаги ва Женевадаги бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхонаси етакчи маслаҳатчиси, кейинчалик эса Россия ташқи ишлар вазирлигининг халқаро инсонпарварлик ҳамкорлиги ва инсон ҳуқуқлари департаменти директори ўринбосари бўлиб ишлаган.

Дипломат 2003 йилдан 2006 йилгача Россиянинг Бангладешдаги элчиси, 2011-2016 йилларда эса Руминиядаги элчиси лавозимларини эгаллаган.

Аввалроқ, августда Россия президенти Владимир Путин Россиянинг Гамбия, Сенегал ва Габондаги элчихоналари раҳбарларини ўзгартирганди. Сенегал ва Гамбиядаги элчихоналарга Дмитрий Кураков, Габондаги элчихонага Илёс Искандаров раҳбар этиб тайинланган.

Top