17:36 / 24.09.2020
5043

2020 йилда 3 миллиондан ортиқ IMEI-кодлар пуллик асосда рўйхатдан ўтказилди

2020 йилнинг 1 январидан 15 сентябргача 3,06 миллионта IMEI-кодлар пуллик асосда рўйхатдан ўтказилди. Бундан 2,3 миллион IMEI-кодлар жисмоний шахсларга тегишли.

Бугун, 24 сентябрь куни АОКАда IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ масалаларда кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида қатор масъул ташкилот вакиллари ва журналистлар иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Унда «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» ДУК директори Бобур Тиллабоев рўйхатдан ўтган IMEI-кодлар бўйича ахборот берди.

«2019 йилнинг 1 январидан 15 сентябргача республикамиз ҳудудига 58,8 минг дона мобил қурилма импорти амалга оширилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида мобил қурилмаларнинг импорт ҳажми 7,7 баробарга ошган. Шу кунгача мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш тизими орқали 47,14 миллиондан зиёд IMEI-кодлар рўйхатдан ўтказилган.

Жумладан:

  • 2019 йил 1 апрелдан 2019 йил 1 ноябргача – 42,61 миллион IMEI-кодлари автоматик тарзда;
  • 2019 йил 1 ноябрдан 1 декабргача – 1,47 миллион IMEI-кодлари бепул равишда операторга мурожаат этиш орқали;
  • 2020 йилнинг 1 январидан 15 сентябргача – 3,06 миллион IMEI кодлар пуллик асосда: шундан 691,1 минг дона импорт қилувчилар (22,5 фоиз), 51,5 минг дона маҳаллий ишлаб чиқарувчилар (1,7 фоиз), 2,323 миллион дона жисмоний шахслар (75,8 фоиз) тизимда рўйхатдан ўтказилди.

Мобил қурилмаларни идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизими амалиётга жорий этилгандан сўнг 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 15 сентябрга қадар мобил қурилмаларнинг импорт ҳажми 911 минг 882 донани (47,3 млн доллар) ташкил этди.

Мобил қурилмалар асосан Хитой, Вьетнам, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳонгконг ва Қозоғистон давлатларидан импорт қилинган бўлиб, импорт қилувчилар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 41тага ёки 2,7 баробарга ошган», деди у.

Top