07:59 / 24.09.2020
7621

«Барселона» Луис Суарес «Атлетико»га ўтганини маълум қилди

«Барселона» 33 ёшли уругвайлик ҳужумчи Луис Суарес «Атлетико»га ўтгани ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда Каталония клубининг расмий сайтида хабар берилган. 

«Атлетико» «Барселона»га уругвайлик учун 6 миллион еврони турли бонуслар шаклида тўлайди

«Барселона» Луис Суаресга садоқати учун самимий миннатдорчилик билдиради ва унга энг яхши тилакларни тилайди», - дейилади кўк-анорранглиларнинг хабарномасида.

«Луис Суаресга ўтган 6 йил учун раҳмат!» - дейилган «Барселона» матбуот хизматининг «Твиттер»даги хабарида

24 сентябрь, пайшанба куни футболчи учун хайрлашув маросими, сўнгра масофадан туриб матбуот анжумани ўтказилади.

Суарес «Барселона» таркибида 2014 йилдан бери тўп суриб келаётганди. Ўтган мавсумда 33 ёшли форвард барча клуб мусобақаларида 36та ўйин ўтказди, 21та гол урди ва 10та голли узатмани амалга оширди. 2007 йилдан буён Луис Уругвай терма жамоасига чақирилмоқда. Футболчининг Каталония клуби билан шартномаси 2021 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган эди.

Лионел Месси - Луис Суарес - Неймар триоси «Барселона» сафидаги ўйинлари давомида жуда яхши натижаларга эришди. Бу ҳақда Squawka Football «Твиттер»ида хабар берилди.

Футболчилар барча мусобақаларда 364та гол уришга муваффақ бўлди. Аргентиналик форвард ушбу футболчилар орасида энг яхши кўрсаткични қайд этди - 2014-2017 йиллар оралиғидаги уч мавсумда 153та гол ва 66та голли узатма. Ундан кейинги ўринда 121та гол ва 59та голли узатма билан Луис Суарес бормоқда. Кучли учликни Неймар ёпиб берган (90та гол ва 48та голли пас).

«Барcелона» таркибида Луис Суарез Испания чемпионати ва кубогининг 4 карра ғолиби, Чемпионлар Лигаси, УЕФА Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби, шунингдек Испания Суперкубогининг 2 карра соҳиби бўлди. Шахсий мукофотлар орасида - «Барселона» билан у 2016 йилда «Олтин бутса» эгасига айланди, 2015/2016 йилги мавсумда Испания чемпионатининг энг яхши тўпурари ва кўк-анорранглиларнинг 3 маротаба энг яхши тўпурари бўлди. 

Top