Жаҳон | 12:06 / 28.09.2020
11804
6 дақиқада ўқилади

Олий суд учун кураш. Трампнинг номзоди Эми Барретт ким?

Дональд Трамп АҚШ Олий суди ҳайъати аъзоси Рут Бейдер Гинзбург вафотидан сўнг бўшаб қолган ўринга мамлакатдаги яна бир таниқли судья Эми Кони Барретт номзодини кўрсатди. Демократлар Трамп ҳали сайланмай туриб номзод кўрсатишини танқид қилишди. Гинзбург ҳам ўлими олдидан унинг ўрнига келадиган номзодни сайловларда ғолиб бўлган президент танлашини исташини айтган.

Reuters

Эми Барретт номзоди Трамп томонидан танланиши кутилмаган ҳолат эмас. Биринчидан, уни федерал судьяликка айнан Трамп тайинлаган, иккинчидан, у чиндан мамлакатда ўз обрўсига эга судья. Уни айниқса диндорлар ҳурмат қилишади. Улар 1973 йилда Олий суд томонидан қабул қилинган аборт қилишга рухсат берувчи қарор айнан Барретт сабаб ўзгаришига ҳам умид қилишади. Агар Барретт Олий суд ҳайъатидан ўрин олса, Трамп томонидан тайинланган учинчи судья бўлади. Трамп 2017 йилда Нил Горсачни, 2018 йилда Бретт Каванони Олий суд ҳайъати аъзоси сифатида тайинлаган.

Трамп судья Барреттни айнан Олий судда бирорта ўрин бўшаб қолишини кутиб «асраб келгани» айтилмоқда. Гинзбургнинг вафоти билан ана шу имконият пайдо бўлди. Бу Трамп учун Олий суддаги мавқейини янада ошириб олиш имкони дегани эди. Чунки бу билан у учинчи марта мамлакатнинг олий ҳуқуқ ташкилотига ўз одамини қўймоқда. Трамп учун унинг мағлубияти тахмин қилинаётган сайлов олдидан бу жуда яхши имкон бўлди.

Жорж Вашингтон номидаги ҳуқуқ университети профессори Жонатан Терлининг айтишича, иммиграция ва қурол олиб юришга бўлган муносабати сабаб Барреттни Олий судда худди Гинзбург каби муқим ўрин олишини таъминлаши мумкин. Фақат Гинзбург каби суднинг чап қанотида эмас, ўнг қанотида. Унинг фикрича, Гинзбург Олий суд тарихидаги энг содиқ либераллардан бири бўлган. Барретт хоним эса энг содиқ консерваторлардан бири бўлиши кутилмоқда.

Олий судда яна бир консерваторнинг пайдо бўлиши унинг чиқарадиган қарорларига ва АҚШ ҳаётидаги ўн йиллар давомида таъсири сезилувчи қарорлар қабул қилинишида муҳим рол ўйнайди. Бу айниқса консерваторлар учун жуда муҳим. Айниқса аборт қилиш ҳуқуқи ва тиббий хизмат тўғрисидаги қонунлар каби муҳим ўзгаришлар қабул қилинишида.

Барретт бир жинсли никоҳларни ёқтирмаслиги ва аборт қилишга қаршилиги билан диндорлар орасида катта обрўга эришган. Бироқ ноодатий ориентация вакиллари уни хушлашмайди. Барретт хоним эса диний қарашлари унинг фаолиятига таъсир қилмаслигини айтмоқда. У эътиқодли католик ҳисобланади.

Барретт хоним Индиана штатида собиқ федерал прокурор бўлган турмуш ўртоғи билан бирга яшайди. Ҳозирда эри фермерлик билан шуғулланади. Оиланинг 7 нафар фарзанди бор. Бу оила икки нафар ҳаитилик болани асраб олган. Барреттнинг ўзи ҳам серфарзанд оиладан - у 8 болали оилада ўсган.

Эми Барреттни жуда ақлли аёл сифатида эътироф этишади. У Нотр-Дамдаги ҳуқуқ олийгоҳини тамомлагач, Антонин Скалия офисида ишлаган. Машҳур консерватор бўлган Скалия ҳам Олий судда ишлаган. Барретт ҳам Скалия каби конституцияни худди унинг муаллифлари ёзаётганда назарда тутган ҳолат бўйича татбиқ этиш керак деб ҳисоблайди. Яъни, у конституцияни «замонга мослаштириш» хато деб айтади.

Олий суд учун кураш

Барретт хоним ўзи тамомлаган Нотр-Дам ҳуқуқ олийгоҳида ўқитувчи бўлиб ишлаган. У бир неча марта йилнинг энг яхши ўқитувчиси бўлган. BBC билан суҳбатда унинг ўқувчиларидан бири Барреттнинг университетдаги обрўси катта бўлгани ва талабалар уни тез-тез муҳокама қилишганини айтади. «Кўпчилик уни адолатли, интеллектуал ва Конституцияда ёзилган қонунларга амал қилувчи деб таърифлайди», деган Барретт хонимнинг собиқ ўқувчиси.

Фото: EPA

Яна бир талаба эса бошқа фикрда. «Гап шундаки, у чиндан ажойиб педагог, лекин дарслар давомида ҳеч қачон сиёсий масалаларни кўтармаган. Бу Олий суд тизими учун яхши номзод деб ҳисобламайман», дейди у.

2017 йилда Трамп Барреттни 7-Чикаго округининг федерал апелляция судьяси этиб тайинлайди. ОАВ унинг эрталаб соат 04:00 ва 05:00 оралиғида уйғониши-ю, уйидан ишхонасигача 30 дақиқалик йўл эканини ҳам аниқлаган. Университетдаги ўқитувчилардан бири Паоло Кароцца ҳам уни тонг саҳарда олийгоҳ спортзалида кўришини айтган.

Кароцца Барретт хонимни талабалигидан билган инсон сифатида фикр билдирди. «Бизнинг жамиятимиз (яъни ҳуқуқшунослик жамияти) кўпам катта эмас. Шундай экан, Эмини инсон сифатида ҳам яхши биламан. У меҳрибон, ёқимли ва жуда-жуда оддий инсон. Уни эътиқодли бўлгани учун ҳар хил ғоялаштирилган карикатураларда гавдалантиришларидан қўрқаман. Шундай бўлса, жуда оғринаман, ахир унинг қанчалик ақлли инсон эканини биламан-да», деган Барретт хоним ҳақида ҳамкасби.

Эми Барреттнинг эътиқодли экани уни аллақачон бир можарога аралаштириб қўйган. Сенатор Дайэнн Файнстайн Барретт билан тортишиб қолгач, судьянинг эътиқоди унинг фаолиятига таъсир кўрсатишини айтади. «Миянгизда догма бор» деган у. Бу гап ҳуқуқ тизимидагилар орасида машҳур бўлиб, мемга айланган. Ҳатто шундай ёзувли стаканлар сотувга чиқарилган.

Фото: EPA

Барреттнинг ўзи диний қарашлари фаолиятига таъсир қилмаслиги ҳақида кўп гапирган. Бундан ташқари, у аъзо бўлган диний ташкилотлардан бирига қарашли мактабларда фақат қарама-қарши жинс вакиллари ўзаро оила қуриши мумкинлиги ўргатилиши ҳам Америкадаги демократлик иддаосидаги одамлар танқидига сабаб бўлган. Албатта, бу Барреттни тайинлаш жараёнида ҳам ўз таъсирини ўтказса керак. Ахир президентнинг тайинлаши етарли эмас, унинг тайинловини Конгресс тасдиқлаши ҳам керак. Бу лавозимга судьялар бутун умрга сайланади, шу сабаб 9 кишилик ҳайъатнинг ҳар бир аъзоси жиддий текширувдан ўтади.

Мавзуга оид