
Эми Барретт номзоди Трамп томонидан танланиши кутилмаган ҳолат эмас. Биринчидан, уни федерал судьяликка айнан Трамп тайинлаган, иккинчидан, у чиндан мамлакатда ўз обрўсига эга судья. Уни айниқса диндорлар ҳурмат қилишади. Улар 1973 йилда Олий суд томонидан қабул қилинган аборт қилишга рухсат берувчи қарор айнан Барретт сабаб ўзгаришига ҳам умид қилишади. Агар Барретт Олий суд ҳайъатидан ўрин олса, Трамп томонидан тайинланган учинчи судья бўлади. Трамп 2017 йилда Нил Горсачни, 2018 йилда Бретт Каванони Олий суд ҳайъати аъзоси сифатида тайинлаган.
Трамп судья Барреттни айнан Олий судда бирорта ўрин бўшаб қолишини кутиб «асраб келгани» айтилмоқда. Гинзбургнинг вафоти билан ана шу имконият пайдо бўлди. Бу Трамп учун Олий суддаги мавқейини янада ошириб олиш имкони дегани эди. Чунки бу билан у учинчи марта мамлакатнинг олий ҳуқуқ ташкилотига ўз одамини қўймоқда. Трамп учун унинг мағлубияти тахмин қилинаётган сайлов олдидан бу жуда яхши имкон бўлди.
Жорж Вашингтон номидаги ҳуқуқ университети профессори Жонатан Терлининг айтишича, иммиграция ва қурол олиб юришга бўлган муносабати сабаб Барреттни Олий судда худди Гинзбург каби муқим ўрин олишини таъминлаши мумкин. Фақат Гинзбург каби суднинг чап қанотида эмас, ўнг қанотида. Унинг фикрича, Гинзбург Олий суд тарихидаги энг содиқ либераллардан бири бўлган. Барретт хоним эса энг содиқ консерваторлардан бири бўлиши кутилмоқда.
Олий судда яна бир консерваторнинг пайдо бўлиши унинг чиқарадиган қарорларига ва АҚШ ҳаётидаги ўн йиллар давомида таъсири сезилувчи қарорлар қабул қилинишида муҳим рол ўйнайди. Бу айниқса консерваторлар учун жуда муҳим. Айниқса аборт қилиш ҳуқуқи ва тиббий хизмат тўғрисидаги қонунлар каби муҳим ўзгаришлар қабул қилинишида.
Барретт бир жинсли никоҳларни ёқтирмаслиги ва аборт қилишга қаршилиги билан диндорлар орасида катта обрўга эришган. Бироқ ноодатий ориентация вакиллари уни хушлашмайди. Барретт хоним эса диний қарашлари унинг фаолиятига таъсир қилмаслигини айтмоқда. У эътиқодли католик ҳисобланади.
Барретт хоним Индиана штатида собиқ федерал прокурор бўлган турмуш ўртоғи билан бирга яшайди. Ҳозирда эри фермерлик билан шуғулланади. Оиланинг 7 нафар фарзанди бор. Бу оила икки нафар ҳаитилик болани асраб олган. Барреттнинг ўзи ҳам серфарзанд оиладан - у 8 болали оилада ўсган.
Эми Барреттни жуда ақлли аёл сифатида эътироф этишади. У Нотр-Дамдаги ҳуқуқ олийгоҳини тамомлагач, Антонин Скалия офисида ишлаган. Машҳур консерватор бўлган Скалия ҳам Олий судда ишлаган. Барретт ҳам Скалия каби конституцияни худди унинг муаллифлари ёзаётганда назарда тутган ҳолат бўйича татбиқ этиш керак деб ҳисоблайди. Яъни, у конституцияни «замонга мослаштириш» хато деб айтади.



















